Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Солиқ органи мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарзини ундириш бўйича қарорини мажбурий ижро этувчи давлат органига юбориш тартиби тўғрисидаги низом”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳа 2020 йилдан амалиётган жорий этилган Солиқ кодексининг 123-моддаси талабларига мувофиқ тайёрланди.
Лойиҳага кўра, солиқ тўловчиларнинг тан олинган солиқ қарзлари ундирувини мол-мулкига қаратиш юзасидан судларга ариза билан мурожаат қилинмайди. Бундай ҳолатда солиқ органининг қарори чиқарилиб, тўғридан-тўғри солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган ёки мол-мулки жойлашган жойдаги Мажбурий ижро бюросига ижро учун юборилади.
Мазкур норманинг амалиётга киритилиши солиқ тўловчиларнинг тан олинган солиқ қарзлари ундируви жараёнларини соддалаштиради.
Биринчидан, солиқ органи ва солиқ тўловчининг суд жараёнида қатнашиши учун ортиқча вақти сарфланишининг олди олинади.
Иккинчидан, солиқ тўловчи солиқ қарзига қўшимча равишда давлат божи ва почта харажати тўлашдан озод бўлади.
Учинчидан, тўлов қобилиятига эга бўлган солиқ тўловчиларда тўлов интизомини яхшилаш имкони яратилади.
Тўртинчидан, солиқларнинг йиғувчанлик даражаси ошади.
Бешинчидан, солиқ қарзини ундириш бўйича низо бўлмаган ишларнинг сони камайиши ҳисобига судларнинг иш юкламаси камайиши муносабати билан, судлар томонидан кўрилаётган низоли ишларнинг сифати янада ошади.
Маълумот учун, эски норма бўйича солиқ қарзини ундиришда низо бўлмасада солиқ қарзини мажбурий ундирувга қаратиш суд тартибида амалга оширилган ва биргина 2019 йилда солиқ қарзини мажбурий ундирувга қаратиш бўйича судларга киритилган 74 200 та аризанинг 97 фоизи судлар томонидан тўлиқ қаноатлантирилган.