Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга 24/7 режимида маълумот беришга мўлжалланган, DavrOn деб номланган виртуал ёрдамчини ишга туширди. У ai.soliq.uz манзилида жойлашган.
DavrOn – самимий ва профессионал маслаҳатчи сифатида солиқ ва солиққа тортиш масалаларида маълумотлар ҳамда персонал маслаҳатлар бера олади. Виртуал ёрдамчи ўзбек, рус ва инглиз тилларида самимий мулоқот қила олади.
Мазкур ёрдамчи 3 ой давомида яратилди, уни такомиллаштириш жараёни узлуксиз давом эттирилади. Шу мақсадда Солиқ кодекси, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, меъёрий ҳужжатлар ва йўриқномалар, шунингдек, солиқ органларининг call-марказига келиб тушаётган онлайн-НКТ, ЭҲФ, электрон рақамли имзо, электрон ҳисоботлар, маркировка ва бошқа хизматларга оид саволларга жавобларни ўз ичига олган 11 миллион белгидан иборат билимлар базаси яратилди.
Солиқ қўмитаси барча солиқ тўловчиларни ai.soliq.uz сайтидаги виртуал ёрдамчи хизматидан фойдаланишни тавсия қилади.
Виртуал ёрдамчи Солиқ қўмитасининг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланадиган учинчи хизматидир.
▫️2022 йилда солиқ тўловчиларни масофадан идентификация қилиш бўйича Face ID хизмати жорий этилган. Бугунги кунда хизмат аудиторияси 6 млн нафардан ортиқ мобиль илова фойдаланувчиларини қамраб олган. Face ID тизими мукаммал ишлаши учун идентификациядан ўтиш фотосурат ёрдамида эмас, балки ҳақиқатда мавжуд инсон томонидан амалга оширилаётганини аниқлаш учун махсус модель яратилди.
▫️Солиқ маъмурчилигига хизмат қиладиган яна бир сунъий интеллект — бу юк автотранспорт воситалари мониторинги тизими. Компьютернинг кўриш модели юк машиналарини бошқа техникалардан ажратиш учун махсус камерадан олинган тасвирлардан фойдаланади. Кейинчалик, тизим автотранспорт воситаси юк билан ёки юксиз ҳаракатланаётганини аниқлайди ва олинган маълумотларни таҳлил учун юборади. Мазкур технология Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги карьерларда норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни кузатиш ва ҳисобга олишда қўлланилмоқда.
Солиқ қўмитаси солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш, шунингдек, солиқ тўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда имкониятларни кенгайтириб боришни кўзлаган.