Ҳонам университети (Жанубий Корея) ва Тошкент солиқ техникуми ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда Тошкент солиқ техникуми битирувчилари Ҳонам университетининг тегишли йўналишларида имтиёзли равишда бир йўла учинчи курсдан ўқишга қабул қилиниши назарда тутилган.
Давлат солиқ қўмитасининг Тошкент солиқ коллежи Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 4 ноябрь ПҚ-4879-сон қарори билан Давлат солиқ қўмитаси Фискал институти хузуридаги Тошкент солиқ техникуми этиб қайта ташкил этилди.
Ҳозирги кунда Техникумда жами 413 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шулардан 280 нафари битирувчи. Уларнинг ҳар бири маҳаллий ОТМлардаги каби хориж университетларида таълимни давом эттириш имконига эга. Масалан, 2+2 шартномаси доирасида Жанубий Корея давлатининг Ҳонам университетида таҳсил олиши мумкин.
Яқинда Ҳонам университети ва Тошкент солиқ техникуми ўртасида халқаро ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи – онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Ҳонам университети ректори жаноб Пак Сангчоль талабаларни ўқиш ва иш билан таъминлашда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Натижада Ҳонам университети ва Тошкент солиқ техникуми ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда Тошкент солиқ техникуми битирувчилари Ҳонам университетида таълимни давом эттириши назарда тутилган.
Учрашувда икки томонлама самарали ҳамкорлик, тажриба алмашиш, келгусида IT технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
ДСҚ Матбуот хизмати