Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қуйидаги ҳолларда юридик
шахс ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга
олинганлиги тўғрисидаги Гувоҳномаларнинг БЕКОР
ҚИЛИНИШИ тўғрисида маълум қилади.
Жумладан:
- жорий солиқ даврида уч ойдан ортиқ ҚҚС бўйича солиқ
ҳисоботларини тақдим этмаслик;
- жорий солиқ даврида олти ойдан ортиқ муддат давомида
молиявий-хўжалик фаолияти ва банк ҳисобварақалари бўйича операцияларни амалга
оширмаслик ҳамда ҚҚС ҳисоботларини ноль кўрсаткичлар билан тақдим этиш;
- суд ҚҚС тўловчисини сохта ёки қалбаки битимлар тузган ёҳуд сохта
тадбиркорлик билан шуғулланган деб топса (суд томонидан аниқланган жиноий
фаолият бошланган пайтдан бошлаб Гувоҳнома бекор қилинади);
- камерал назорат жараёнида банк операциялари хўжалик юритувчи субъект
фаолияти хусусиятига ва турига, шунингдек, сотиб олинган ва реализация қилинган
товарлар (ишлар, хизматлар) номенклатураси (ассортименти) мувофиқ эмаслиги
аниқланган тақдирда;
- солиқ назорати жараёнида солиқ тўловчи томонидан амалга
оширилган битим (операция)нинг асосий мақсади – ҚҚС суммасини тўламаслик ёки
ҳисобга олиш бўлса ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият солиқ тўловчи билан
тузилган шартноманинг тарафи бўлмаган шахс ёҳуд битимни (операцияни) бажариш
мажбурияти шартнома ёки қонун билан белгиланмаган шахс томонидан бажарилганлиги
аниқланса.
Юқоридаги мезонлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси
Давлат солиқ қўмитаси томонидан 1 404 та юридик шахсларга илгари берилган
қўшилган қиймат солиғи тўловчиси тўғрисидаги Гувоҳномалар бекор қилинди.
Бу муҳим! Рўйхатга олиниши шарт бўлган,
бироқ ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтмаган шахс қонун ҳужжатларида
белгиланган муддатларда ҚҚС тўловчисига айланади ва ҚҚСни ҳисобга олиш
ҳуқуқисиз белгиланган тартибда ҚҚСни тўлайди. Кўрсатиб ўтилган шахсда ҚҚС бўйича
рўйхатга қўйилган кундан бошлаб ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш ҳуқуқи пайдо
бўлади.
ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтмаган ёки ҚҚС тўловчиси Гувоҳномаси бекор
қилинган, товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олувчилар, етказиб берувчи
томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга
олишга ҳақли эмас.
ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган ва ҚҚС тўловчисининг Гувоҳномаси
бекор қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат
солиқ қўмитасининг расмий сайтида жойлаштирилмоқда https://my.soliq.uz/nds/home?lang=uz.