Солиқ тўловчилар ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомда (Вазирлар Маҳкамасининг 489-сон қарори 2-илова 9-банди) белгиланган яна бир қулайликдан амалда фойдаланиш имконига эга бўлмоқда.
Унга кўра, эндиликда хўжалик юритувчи субъектлар корпоратив карта ва банк карталари тўлови учун тақдим қилинган онлайн-НКМ (виртуал касса) чекини солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетида қайд этган ҳолда харидларни ҳисобварақ-фактуралар реестрига киритиш ҳамда Қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда ҚҚС) суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Марказимиз мутахассислари томонидан ана шу тизимни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилди.
Қуйида жараён тафсилотларини кетма-кетликда тақдим этамиз:
1-қадам. Электрон солиқ хизматлари портали - my.soliq.uz орқали шахсий кабинетидан “Корпоратив карта орқали тўлов учун тақдим қилинган онлайн-НКМ чекини ҳисобга олиш” хизмати танланади.
2-қадам. Навбатдаги ойнада акс этган сатрларга чек маълумотларини киритиш талаб этилади. Буни икки хил усулда амалга ошириш мумкин:
Биринчи усул: Чекнинг QR-кодини сканер қурилмаси орқали сканер қилиш (ёки QR-коди URLни 1-майдонда тўлдириш);
Иккинчи усул: Чекнинг фискал белгиси ва фискал модул рақамини киритиш;
Агар чек тизимда мавжуд бўлса (ёки аксинча), бу ҳақдаги хабар экранда пайдо бўлади.
3-қадам. Юқоридаги маълумотлар киритилгач, тадбиркорлик субъекти СТИРи, чек рақами ва суммаси, ҚҚС суммаси ва жами ҚҚС билан сумма автоматик тарзда шаклланади. “Жўнатиш” тугмаси орқали маълумотлар сақланади.
4-қадам. Кейинги босқичда ҳисобга олинган онлайн-НКМ ва виртуал касса чеклари журнали намоён бўлади. У орқали ҳисобга олинган чекларни излаш ва уларнинг рўйхати билан танишиш мумкин.
5-қадам. Маълумотлар харидор томонда ҳисобга олинади.
Ҳисобга олинган онлайн-НКМ ва виртуал касса чеклари ҳисоботда акс эттирилади.
Чек маълумотлари “Қўшилган қиймат солиғи” ҳисоботининг ҳисобварақ-фактуралар реестри (4-илова “Харидлар рўйхати”)да шаклланади.
6-қадам. Товар (хизмат)ларни етказиб берувчининг шахсий кабинетида чекнинг ким томонидан ҳисобга олингани намоён бўлади.
Нодир Муҳаммадов,
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси.