Коронавирус пандемияси иқтисодиётнинг турли тармоқларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Хусусан, ички ва ташқи бозорда талаб камайганлиги боис ишлаб чиқариш жараёнлари сустлашди, айримларида эса бутунлай тўхтаб қолди.
Бундай корхоналарда узлуксиз иш жараёнини таъминлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, керак бўлса, ишлаб чиқарилган маҳсулот учун харидор топиб бериб, уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида давлат солиқ идоралари “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида иш юрита бошладилар.
Риштон туманида жойлашган асосий фаолият тури трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлган "Humo Roshidon textile" хусусий корхонаси ҳам ўз фаолиятини март ойида бошлаши биланоқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатишга мажбур бўлганди.
Корхонамиз март ойида ўз фаолиятини бошлаши биланоқ юртимизда карантин тартиби жорий этилгач, фаолиятимизни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлдик, – дейди корхона иш бошқарувчиси Ботиржон Мамажонов. – Албатта, ишимизни энди йўлга қўйишимиз биланоқ бундай кутилмаган ўзгаришлар бўлиб кетгани бизни эсанкиратиб қўйди.
Тўғриси, ўша кунлари нима қилиш кераклигини, ишлаб чиқарган маҳсулотларимизни қаерга, қандай қилиб сотишни билмай қолгандик. Ана шу вазиятда бизга туманимиз 4-сектор раҳбари ёрдамга келди, фаолиятимизни қайта бошлаш учун қандай ёрдам зарурлигини сўрадилар. Шундан сўнг қисқа фурсатлар ичида қўшни ҳудуддан маҳсулотларимизга харидор топилиб, буюртмачилар жалб этилди ва ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни реализация қила бошладик. Натижада 30 нафар иш ўринларимизни тиклаб, ишлаб чиқариш жараёни қайта йўлга қўйишга муваффақ бўлдик.
Айни пайтда "Humo Roshidon textile" хусусий корхонасида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳамда яна бошқа буюртмачиларни жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Корхона раҳбарининг айтишича, 4-сектор томонидан тадбиркорга кўмак сифатида шундай ёрдам бериш давом этадиган бўлса, июнь ойининг ўзида яна қўшимча иш ўринлари яратилади ҳамда пандемия туфайли ишсиз қолган қишлоқ хотин-қизларининг яна 70 нафари бандлиги таъминланади.
Фарғона вилояти ДСБ
Матбуот хизмати