Интернет тармоғида рақамли маркировкалашни жорий этиш бўйича тажриба лойиҳасининг бошланиши муносабати билан сув ва алкоголсиз салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг хавотирга тушганлиги тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди.
Давлат солиқ қўмитаси сув ва алкоголсиз салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларнинг хавотирларини тўғри қабул қилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 322 – сон қарори талаблари доирасида бошланган тажриба лойиҳаси тугагандан кейингина, унинг самарадорлиги тўғрисида асосли далиллар ва хулосалар шаклланиши мумкин деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, биз ишлаб чиқарувчилар учун тажриба лойиҳасида ихтиёрий иштирок этиш, ягона тўғри ечим деб ҳисоблаймиз. Унинг доирасида улар маркировкалаш ускуналари билан бепул жиҳозланади ва ходимларини ўқитиш ташкил этилади.
Бу ўз навбатида, 2022 йилнинг баҳорида режалаштирилган мажбурий рақамли маркалаш санасига ўз вақтида ва ортиқча қийинчиликларсиз тайёргарлик кўриш имконини беради. Қувватларни қайта жиҳозлаш жорий йилнинг куз ойи ўрталарига – сув ва алкоголсиз салқин ичимликларга бўлган талабнинг пасайиш мавсумига режалаштирилган.
Бошланган ислоҳотларнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ва самарасизлиги ҳақидаги ишончсиз маълумотларни ахборот майдонига ташлаш орқали айрим корхоналар томонидан мажбурий рақамли маркировкалашни жорий этишни бекор қилиш, уни кейинга қолдиришга уринишларга қарамасдан халқаро тажриба, шунингдек, мажбурий маркировкалаш тизими жорий қилинганидан кейин алкоголли ичимликлар бозори «оқариши» натижалари бунинг аксини кўрсатмоқда.
Бундан 10 йилдан кўпроқ вақт олдин алкоголсиз ичимликлар маркировкасини бошлаган мамлакатлар бугунги кунда ушбу соҳада рақобатбардош ва ошкора ишбилармонлик муҳитига эга. Масалан, Белорусия (2005 йилдан АС БДБ тизими) Аргентина (2011 йилдан бери TRAFIP тизими), Бразилия (2008 йилдан бери SICOBE тизими), Арманистон (Vero code тизими 2013 йилдан) ва бошқа мамлакатларнинг ўрганилган тажрибаси ушбу лойиҳани амалга оширишнинг долзарблигини кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари, Россия Федерациясида қадоқланган сувни маркировкалаш бўйича тажриба муваффақиятли якунланди, шу муносабат билан минерал сувни 2021 йил 1 декабрдан бошлаб ва бошқа барча шиша (қадоқланган) сувларни 2022 йил 1 мартдан бошлаб мажбурий маркировкалаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистонда биринчи бўлиб пиво маркировкаси муваффақиятли йўлга қўйганлиги республикамизда лойиҳанинг самарадорлигига алоҳида ишонч беради. Пиво ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган идишлар бир хил эканлигини ҳисобга олсак (ПЭТ идишлар, шиша бутилкалар ва идишлар), пиво мисолида алкоголсиз ичимликларни маркировкалаш бўйича технологик ечимлар амалиётга татбиқ этишга тўлиқ тайёрлигини кўрсатади.
Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар жорий йилнинг 4 июнь куни мурожаат этганлиги ва бугунги кунда ўтказилган музокаралар ҳамда лойиҳада иштирок этишнинг афзалликлари ҳақида тушунтиришлар берилганидан кейин йирик ишлаб чиқарувчилар (шу жумладан мурожаатномада кўрсатилган корхоналар) билан тажриба синов лойиҳасида иштирок этиш бўйича шартномалар имзоланди.
Давлат солиқ қўмитаси ушбу ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилади, уларнинг соҳада ислоҳотларни амалга оширишдаги садоқатини қадрлайди ва тажриба лойиҳасини амалга ошириш давомида зарур ёрдамларни кўрсатади.
Давлат солиқ қўмитаси барча сув ва алкоголсиз салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларни солиқ маъмуриятчилигидаги ислоҳотлар самарадорлигини «қоралаш» учун вақт ва куч сарфламасликка, балки давлат солиқ идоралари билан биргаликда маркировкалаш жараёнига босқичма-босқич ва эрта тайёргарликни бошлашга чақиради.
Биз ҳалол ва шаффоф бизнес тарафдоримиз!