Гап шундаки, тадбиркор М.Каримовнинг 1 гектардан зиёдроқ ўз ери учун нотурар объектларга қўлланиладиган ставкаларда солиқ ҳисобланган эди.
Тадбиркор Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Кудбиевдан ушбу масалага ойдинлик киритилишида ёрдам сўради. Бу масала жараённинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Унинг ери учун расмийлаштирилган кадастр ҳужжатларида хатолик мавжудлиги, фақатгина 6 сотих ерга нисбатан юридик шахсларга қўлланиладиган ставкалар қўлланилиши лозимлиги маълум бўлди. ДСҚ раиси ушбу хатоликни бартараф этиш бўйича ҳудуддаги мутасаддиларга кўрсатма берди.
Жорий йилнинг 31 март куни Давлат солиқ қўмитаси раисининг Фарғона вилояти тадбиркорлари билан очиқ ва дўстона руҳда ўтган учрашувида шу ва ечмини кутаётган бошқа масалалар ижобий ҳал этилди.
Ушбу юзма-юз мулоқот тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги республика ишчи гуруҳининг Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи”да тадбиркорлар билан учрашуви доирасида ташкил этилди.
Унда қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этиб, тадбиркорлар билан яқиндан мулоқот қилдилар. Фарғоналик тадбиркорлар томонидан ўртага ташланаётган ҳар бир муаммо ечими масъул ташкилотлар билан биргаликда бирма-бир жойида ўрганиб чиқилди.
Учрашувда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ҳам иштирок этиб, солиқ масалаларига оид муаммоси бўлган тадбиркорлар билан очиқ суҳбат олиб борди. Ҳар бир мурожаат диққат билан тинглангач, зарур тушунтиришлар берилди, ечимини кутаётган муаммолар ижобий ҳал этилди.
Хусусан, “Реал қурилиш файз” корхонаси раҳбари Х.Ҳаққулов 91 миллион сўм миқдоридаги ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олганлиги натижасида қарздор бўлиб қолганлиги боис амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаатига кўра, солиқ қарзларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилди.
Ш.Кудбиев ҚҚС бўйича мурожаат қилган тадбиркорлар билан суҳбат давомида асосий мақсад тадбиркордан кўпроқ солиқ олиш эмас, балки адолатли тизим яратиш, “обналчилар”ни йўқотиш эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, “шубҳали” корхоналар билан ҳамкорлик қилишнинг салбий оқибатлари, контрагентларни танлаш чоғида лозим даражада эҳтиёткор бўлиш юзасидан тушунтиришлар берди.
ДСҚ Матбуот хизмати