Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси соҳа мутахассислари, олимлар, экспертлар томонидан атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Ана шундай муҳокамалардан бири 2019 йил 3 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) Сиёсий Кенгашида бўлиб ўтди. Тадбиркорлик субъектлари вакилларига мазкур лойиҳа билан Солиқ кодексига киритилаётган янги нормалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида Давлат облигациялари ва давлатнинг бошқа қимматли қоғозлари бўйича даромадлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларнинг халқаро облигациялари бўйича даромадларини солиққа тортишдан озод этишни назарда тутадиган имтиёзли солиқ солиш сақлаб қолинмоқда.
Шунингдек, технология ускунасини ва кўчмас мулк объектларини харид қилишга йўналтириладиган маблағлар суммасига солиқ солинадиган фойдани камайтириш қисмида имтиёзларни бекор қилган ҳолда, уларни харид қилишда бирйўла амортизация чегирмалари тартиби амалга киритилмоқда. Яъни, амортизация чегирмаларининг киритилиши солиқ тўловчиларни технология паркини янгилашга ва технологияни модернизация қилишга рағбатлантиради. Бунда қўшимча имтиёзга зарурат бўлмайди. Чунки технология ускунасини харид қилишга сарфланган харажатлар амортизация чегирмаси доирасида чегириб ташланади.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига солиқ тўловчилар учун таҳлика-таҳлил асосида солиқ назоратининг янги тартиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) таклиф этилаётгани иштирокчилар томонидан эътироф этилди. Таҳлика-таҳлил дастури фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади.
Муҳокамаларга бой бўлган тадбирда иштирокчилар томонидан билдирилган барча таклиф ва тавсиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ишчи гуруҳи томонидан таҳлил қилиниб, умумлаштириладиган бўлди.
Манба: http://parliament.gov.uz/uz/events/other/29708/