Жорий йилнинг 23 апрель куни «Facebook» ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Ф.Н. ўз саҳифасида банкдан олинган кредит маблағи учун солиқ ҳисоблангани ҳақида видеомурожаат қилди. Мазкур мурожаат Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида рўйхатдан ўтган «Yangi-dunyo» корхонаси 2020 йил 26 март куни 210 млн.сўм миқдорида банк кредитини расмийлаштирган ҳамда бу маблағларни тўлалигича «Asr-yangi-qurulish» МЧЖ га маҳсулот сотиб олиш учун ўтказиб берган.
Эътиборлиси шундаки, Солиқ кодексининг 463-моддасига асосан олинган банк кредитлари жами даромад таркибига киритилмайди. Шунга кўра, бу маблағлар учун корхонага ҳеч қандай айланмадан олинадиган солиқ ҳисобланмаган.
Ўрганишда мазкур ҳар иккала корхона ҳам аслида бир кишига, яъни мурожаат муаллифи Ф.Н. га тегишли эканлиги маълум бўлди. «Asr-yangi-qurulish» МЧЖ кредит маблағлари келиб тушишидан бор йўғи бир ҳафта олдин, 2020 йилнинг 18 март куни ташкил этилган.
Ўрганиш натижасида Ф.Н. «Asr-yangi-qurulish» МЧЖ ҳисобига тушган маблағнинг 20 млн. сўмини шу куннинг ўзида шахсий банк пластик картасига, яна 159 млн. сўмини 4 кундан кейин корхонанинг корпоратив картасига ўтказганлиги аниқланди.
«Asr-yangi-qurulish» МЧЖ томонидан тақдим этилган ҳисоботларга асосан, маҳсулот реализацияси учун келиб тушган 210 млн. сўм тушумга белгиланган тартибда 4% ставкада 8,4 млн. сўм айланмадан олинадиган солиқ ҳисобланган.
Бундан ташқари, «Asr-yangi-qurulish» МЧЖда 2020 йил март ойидан то бугунги кунга қадар 1 нафар ходимга иш ҳақи ҳисобидан 1,3 млн. сўм ижтимоий ва даромад солиғи ҳисобланган.
Ҳисобланган жами 9,7 млн. сўм солиқлар бўйича 13 ой давомида умуман тўловлар амалга оширилмаган.
Натижада, 9,7 млн. сўм қарздорлик ва унга нисбатан ҳисобланган 900 минг сўм пеняни ундириш мақсадида Деҳқонобод тумани ДСИ томонидан мажбурий ундирув чоралари қўлланилган.
Шунингдек, Ф.Н.га тегишли «Yangi-dunyo» корхонасининг 2,6 млн. сўм қарзи ва унга нисбатан ҳисобланган 300 минг сўм пеня суммаси ҳам бугунга қадар тўланмаган.
Кўриниб турибдики, айланмадан олинадиган солиқ видеомурожаатда таъкидланганидек кредит олган корхона учун эмас, маҳсулот реализациясини амалга оширган таъминотчи корхона учун ҳисобланган.
Мурожаат муаллифи Ф.Н. видеомурожаатда солиқ қонунчилиги нормаларини нотўғри талқин қилиб, жамоатчилик фикрини чалғитишга ва ўзининг ноқонуний ҳаракатларини яширишга уринган.
Шунингдек, солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилган ҳар қандай «схема»ларни аниқлаш ҳамда уларга нисбатан ваколат доирасида тезкор чора кўрилишини маълум қилади.
Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати