Ўзбекистон Республикаси Президенти «Aвтомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорга кўра 2021 йил 15 майдан 2022 йил сўнггига қадар эксперимент тариқасида ҳайдовчидан ташқари тўртта ўриндиқли енгил автотранспортда такси хизмати кўрсатиш якка тартибдаги тадбиркорлик (ЯТТ) фаолият турлари рўйхатига киритилади.
ЯТТ сифатида йўловчи ташиш фаолияти лицензия варақаси асосида амалга оширилади. Якка тартибдаги ташувчилар:
– 21 ёшга тўлган ва бошқарувида 10 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда эксплуатация қилинаётган енгил автомобиль бўлиши;
– транспорт воситасини техник хизмат кўрсатиш станцияларида ҳар 6 ойда камида бир маротаба техник кўрикдан ўтказиши;
– – “Uztrans” ягона интерактив ахборот тизимига уланган кўп тармоқли поликлиникалар, хусусий клиникаларда ёки оилавий поликлиникаларда ойлик тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Шунингдек якка тартибдаги ташувчилар:
– фаолияти доирасида ходимларни ишга ёлламайди;
– лицензия варақаси учун йилига бир маротаба БҲМнинг бир баробари (245 минг сўм) миқдорида давлат божи тўлайди;
2021 йил 1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги ташувчилар фаолиятини фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда амалга оширади.
Бунда якка тартибдаги ташувчилар:
– 2021 йил учун ҳар ойлик 150 минг сўм миқдорида қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлаши;
– автотранспорт воситаси тепасига “TAXI” белгили тўқ сариқ рангли фонарь ўрнатиши;
– тўловни амалга ошириш, шунингдек босиб ўтилган йўлни электрон тарзда қайд этиш имкониятини берувчи махсус иловали мосламаларга эга бўлиши лозим.
Давлат солиқ қўмитаси Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 октябрга қадар енгил автотранспорт воситасида йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензиялар, электрон йўл варақалари, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтган якка тартибдаги ташувчилар ва техник кўрикдан ўтган транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларнинг идоралараро алмашинуви бўйича ягона электрон платформани ишга туширади.
Мамлакатимиз Президентининг мазкур қарори хуфиёна иқтисодиётни қисқартиришга, хусусан аҳоли даромадларини легаллаштиришга ва соҳада тенг рақобат муҳитини шакллантириб, хизматлар бозорини ривожлантиришга хизмат қилади.