Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ
қўмитасида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси муҳокамасига бағишланган видеоселектор
кўринишидаги семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Соат 9:00 дан 14:00 гача давом этган семинар-тренингда 10 мингдан зиёд худудий давлат солик органларининг ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари эштирок этдилар.
Мазкур тадбир 2020 йилнинг 1 январидан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексдаги норма ва ўзгаришларни амалдаги солиққа оид қонун ҳужжатлари билан уйғунлаштириш ва уни солиқ тўловчилар ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди.
Видеоселекторни қўмита раиси Б. Мусаев очиб, кодекснинг мазмун-моҳияти, унда кўзда тутилган асосий жиҳатларга тўхталиб ўтди.
Сўзга чиққанлар мазкур ҳужжатдаги ўзгаришлар, солиқ қонунчилиги
нормалари қўлланилишини янада соддалаштириш, зиддиятли ҳолатларни бартараф
этиш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш, инсофли солиқ
тўловчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга
қаратилгани ҳақида сўз юритдилар.
Солиқ кодексининг янги таҳрири кучга кириши муносабати билан Давлат солиқ қўмитасида 58 дан ортиқ йўриқномалар тайёрланиши, солиқ ҳисоботлари шакллари ўзгартирилиши ҳамда офис назорати тизими такомиллаштирилиши режалаштирилган.
Айтиш жоиз, янги таҳрирдаги кодексда ортиқча тўланган солиқни қайтариш ёки ҳисобга олиш тартиби бўйича янги механизм жорий этилаётгани, солиқ тўловчининг ортиқча тўловни қайтариб бериш муддатидан ўтган ҳар бир кун учун давлат солиқ хизмати органлари томонидан пеня тўлаш тартиби кўзда тутилаётгани аҳоли учун яратилиши кутилаётган қатор қулайлик ва афзалликлардан бири бўлади.
Тадбирда солиқ тўловчидан ортиқча солиқларни ундириб, уларни ўз вақтида қайтариб бермаган тақдирда, Солиқ кодексининг 107-моддасига асосан солиқ тўловчига фоизлар билан (Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси - 16%) бирга қўшиб қайтарилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.
Янги
таҳрирдаги Солиқ кодексининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, энди солиқ
текширувлари жараёнлари инсон омили
аралашувисиз, яъни компьютер техникаси орқали амалга оширилади. Бу ҳам ўз
навбатида солиқ текширувларининг шаффофлигини таъминлайди.
Видеоселектр давомида Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий бошқармалари раҳбарларига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан аҳолини хабардор қилиш, тадбиркорлар учун учрашув ва семинарлар ташкил этиш ҳамда ОАВ билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш каби қатор вазифалар юклатилди.
ДСҚ Матбуот хизмати