Жорий йилнинг 20 май санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 322-сонли қарори қабул қилинди (https://lex.uz/ru/pdfs/5429990).
Ҳужжат билан жорий йилда маҳаллий ва импорт қилинадиган маҳсулотларни рақамли маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳаларини босқичма-босқич амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди. 2021 йил 1 июндан дори воситалари ва тиббий буюмларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш бўйича тажриба лойиҳаси ишга туширилади. 15 июндан сув ва салқин ичимликлар, 1 июлдан эса маиший техникаларни маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳалари жорий этилади.
Тажриба лойиҳалари давлат бошқаруви органлари, Давлат солиқ қўмитаси, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва бошқа масъул идора ва ташкилотлар иштирокида амалга оширилади.
Тажриба лойиҳаларнинг бевосита иштирокчилари – тадбиркорлик субъектлари ихтиёрий равишда рақамли маркировкалашни ҳаётга татбиқ этишнинг тўлиқ циклидан ўтади.
Тажриба лойиҳалари жараёни «Asl belgisi» маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиш бўйича миллий ахборот тизимида рўйхатдан ўтказишдан бошлаб, зарур ускуналарни ўрнатиш, шунингдек маркировкалаш қоидаларига риоя қилиш ва товарларни идентификация воситалари билан кузатиб боришни ўз ичига олади.
«Asl belgisi» оператори бўлган «CRPT TURON» компанияси хўжалик юритувчи субъектларга зарур маркировкалаш, сервер, телекоммуникация ва бошқа жиҳозларни ўрнатишда ёрдам беради. Кейинчалик ускуналарни созлаш, шунингдек, улардан фойдаланишни ўргатиб боради.
Рақамли маркировкалашнинг мақсади – маҳаллий ишлаб чиқариш ва импорт маҳсулотларини стандартлаштириш ва унификациялаш, шу билан ички бозорни ноқонуний ва контрафакт маҳсулотлардан халос этиш.
Бозорда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган маҳсулотларнинг давлат стандартларига мувофиқлигини назорат қилувчи самарали восита пайдо бўлади. Истеъмолчида сохта эмас, балки сифатли асл маҳсулотни сотиб олиш кафолати бўлади. Янгилик истеъмол товарлари моддий-техника таъминоти ва бизнес жараёнларини яхшилайди ва хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтиради. Маҳсулот айланмасини назорат қилиш орқали Давлат бюджети даромадлари ортади.
Мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этиладиган ҳамда тажриба лойиҳалари амалга ошириладиган айрим турдаги маҳсулотлар рўйхати
| Маҳсулотнинг номи | Тажриба лойиҳаси бошланадиган сана | Мажбурий рақамли маркировкалашни босқичма-босқич жорий этиш бошланадиган сана | ТН коди |
1. | Дори воситалари ва тиббий буюмлар
| 2021 йил 1 июнь | 2022 йил 1 февраль | 3003, 3004 |
2. | Сув ва салқин ичимликлар
| 2021 йил 15 июнь | 2022 йил 1 март | 2009, 2201, 2202 |
3. | Маиший техника | 2021 йил 15 июль | 2021 йил 1 декабрь | 8414, 8415, 8418, 8422, 8423, 8450, 8508, 8509, 8510, 8516, 8518, 8519, 8521, 8525, 8527, 8528 |