Бутун дунёда, хусусан, мамлакатимизда кузатилаётган коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, Президентимиз томонидан иккита муҳим Фармон (ПФ-5969 19.03.2020й., ПФ-5978 03.04.2020й.) қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларга бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар берилди.
Фармонларда назарда тутилган солиқ имтиёзлари ва енгилликлар Фарғона вилоятида ип-калава ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган “Posco international textile” корхонаси учун карантин даврида иқтисодий барқарорликни сақлаб қолишда муҳим роль ўйнамоқда.
– Бутун дунёдаги мана шундай оғир, инқирозли вазиятда Ўзбекистонда тадбиркорларга жуда катта енгиллик ва имтиёзлар берилаётганлиги таҳсинга сазовор, – дейди корхона бош директори Чо Сеунг Хюн. – Мисол учун, корхонамиз томонидан тўланиши лозим бўлган мол-мулк ва ер солиқлари муддатларини кечиктириш ҳуқуқи берилди.
Бундан ташқари, товарлар экспортига қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкасини қўллаш натижасида ҳосил бўлган солиқ суммаси қисқа вақт ичида қайтариб берилаётганлиги қувонарли ҳол. Масалан, яқинда 14 миллиард сўм миқдоридаги маблағ 7 иш куни ичида қайтарилди. Давлат томонидан бундай имтиёзлар берилаётгани тадбиркорларни руҳлантириши билан бирга, ўзига яраша масъулият юклайди. Албатта, биз бундай имтиёзлардан самарали фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва иш жойларини сақлаб қоламиз, корхона фаолиятини давом эттирамиз.
Вилоятда 3 мингга яқин иш ўрни яратган мазкур корхонада айни пайтда иш қизғин, ишлаб чиқариш жараёни ҳам бир маромда кетмоқда. Ишчиларга карантин талабларидан келиб чиқиб, барча шарт-шароитлар яратилган.
“Posco international textile” корхонаси деярли барча хорижий мамлакатларга ўз маҳсулотларини экспорт қилиш амалиётини йўлга қўйган бўлиб, экспортнинг энг кўп улуши Россия, Хитой, Туркия ва Польша давлатларига тўғри келмоқда.
Фарғона вилояти ДСБ
Матбуот хизмати