Аввал хабар қилинганидек, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича солиқ маъмуриятчилигининг такомиллаштирилиши муносабати билан яширин иқтисодиёт улушини камайтириш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан тўланиши керак бўлган ҚҚС суммасини камайтириш тарзидаги ҳуқуқни суиистеъмол қилган – «шубҳали» солиқ тўловчилар рўйхати тузилган.
Дастлабки рўйхатга кўра «шубҳали» солиқ тўловчилар сони 396 тани ташкил этмоқда. Ушбу субъектлар ўз фаолияти давомида қалбаки операцияларни амалга ошириб, бюджетга тўланадиган солиқ суммаларини камайтирганлар.
– Ушбу хўжалик юритувчи субъектлар – «шубҳали» солиқ тўловчилар билан молиявий операцияларни амалга ошириб, қарийб 1 триллион сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисоб (зачет)га олган ҳолда бюджетга тўламаган корхоналардир, дейди Давлат солиқ қўмитаси департаменти директори Жаҳонгир Абдиев.
Бюджетга тўланмаган қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш учун мазкур 396 та «шубҳали» корхоналар ва уларнинг деярли 10 мингга яқин бизнес ҳамкорларининг шахсий кабинетларига тегишли хабарномалар юборилди.
Агарда хўжалик юритувчи субъектлар хабарномани олганидан кейин 5 кун ичида аниқлаштирилган солиқ хисоботи тақдим қилсалар ҳамда хисобланган солиқ суммаларини тўласа, ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқмаслиги ва мазкур рўйхатдан чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Тадбиркорлик субъектларидан яширин иқтисодиётга қарши курашда фаол бўлиш ҳамда «шубҳали» корхоналар билан ҳамкорлик қилмасликларини сўраймиз. «Шубҳали» рўйхатга киритилмаганлигини ДСҚнинг расмий веб-сайтидаги махсус сервис хизмати орқали текшириш мумкин.
Маълумот учун. Солиқ назорати ўтказилаётганда солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг ўз контрагентлари билан бўлган хўжалик операцияларини қуйидаги масалалар бўйича ўрганадилар:
- операция (битим)ларнинг ҳақиқатда амалга оширилганлиги;
- операция (битим)ларни тўғридан-тўғри контрагентларнинг ўзи ёки уларнинг пудратчилари ёки уларнинг таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилганлиги;
- битимларнинг тижорат мақсадига мувофиқлиги ва тўланадиган солиқлар миқдорини камайтириш шаклидаги асоссиз солиқ имтиёзлари олинмаганлиги.
ДСҚ Матбуот хизмати