Жорий йилнинг 30 март куни мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида шахсий транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чеклов жорий этилишидан айрим фуқароларимиз ноўрин ташвишга тушишди. Оқибатда, нархлар ошиб кетади, айрим маҳсулотлар танқислиги юзага келади, деган хавотир билан карантин қоидаларига зид равишда бозорларга чиқиб, маҳсулотларни керагидан ортиқ ғамлаш пайига тушганларига гувоҳ бўлдик.
Аслида эса, озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги бошланади, деган хавотирлар асоссиз. Буни, пойтахтимиз бўйлаб ташкил этилаётган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Жумладан, Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан карантин вазиятида аҳолига қулайлик яратиш, уйидан узоққа бормай харидларни амалга оширишини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Тошкент шаҳар ДСБ ташаббуси билан пойтахтимизнинг Юнусобод тумани, 4 сектор ҳудудида жойлашган «Қадрдон» маҳалласида кўчма ярмарка ташкил этилди.
Туман давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда ўтказилган ярмарка давомида фуқароларга 1000 кг картошка, 550 кг пиёз, 350 кг сабзи, 400 кг ун ҳамда 300 литрдан зиёд ўсимлик ёғи ҳамда бошқа маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда сотилди. Эндиликда, ушбу маҳалла аҳолиси бозорга боришига зарурат қолмади.
Яшнобод тумани, 4-сектор ҳудудидаги «Ўрта масжид» ва «Уйсозлар» маҳаллалари аҳолисига ҳам рўзғор учун зарур 10 турдаги маҳсулотлар арзон нархларда етказиб берилди.
Худди шунингдек, Шайхонтоҳур туманидаги «Гулобод» ҳамда «Чарх новза», Мирзо Улуғбек туманининг, «Баҳор», Сергели туманининг «Шукурона» маҳаллаларида ташкил этилган ярмаркаларда фуқаролар арзонлаштирилган гўшт, ёғ, картошка, пиёз, тухум, ун, гуруч, шакар, карам, помидор ва бошқа маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш имконига эга бўлишди.
Ҳурматли пойтахтимиз фуқаролари!
Кўчага фақат зарур ҳолларда чиқишга ҳаракат қилинг. Беҳуда саросимага тушиб, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўйманг! УЙДА ҚОЛИНГ!!!
Aгар сиз озиқ-овқат ва тиббий-гигиеник воситалар нархининг асоссиз кўтарилганига гувоҳ бўлсангиз Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг (71) 244-54-86 рақамли «ишонч телефони» га қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.
Тошкент шаҳар ДСБ Матбуот хизмати