Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирлар давомида озиқ-овқат ва зарур тиббий воситалар нархи сунъий равишда оширилиши ҳамда сифат сертификатига эга бўлмаган маҳсулотлар савдога қўйилишининг олди олинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 17-19 март кунлари пойтахтимизда ўтказилган тадбирлар давомида 123 минг 431 дона, умумий қиймати 311 миллион 200 минг сўмлик ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган тиббий ниқоблар, 2 минг 616 дона, умумий қиймати 104 миллион 640 минг сўмлик пахта ёғи ҳамда 7 минг 932 килограм умумий қиймати 29 миллион 400 минг сўмлик картошка ноқонуний равишда савдога қўйилганлиги аниқланди.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида фуқаро Мардонбек Муродов (исм фамилиялар ўзгартирилган) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз 8 минг 750 дона, умумий қиймати 17 миллион 500 минг сўмлик тиббий ниқобларни савдога қўйгани маълум бўлди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан озиқ-овқат ва зарур тиббий воситалар нархларини сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида Учтепа туманида ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида фуқаро Қаҳрамон Ҳамроев (исм фамилиялар ўзгартирилган) 2 минг 616 дона, умумий қиймати 104 миллион 640 минг сўмлик пахта ёғини сотиш мақсадида сақлаётганлиги аниқланди.
«Уддабурон тадбиркор» тадбир давомида маҳсулотнинг сифат сертификати ҳамда тегишли ҳужжатларини тақдим эта олмади ва товарлар вақтинча олиб қўйилди. Ҳозирда мазкур ёғларнинг истеъмолга яроқлилиги ва фуқаронинг қўлига қандай йўллар билан етиб келгани ўрганилмоқда.
Профилактик тадбирлар давом эттирилади.
Тошкент шаҳар ДСБ Матбуот хизмати