Қўшилган қиймат солиғини қоплаш (қайтариш) тартиби тўғрисидаги қоидаларни билиш ва тушуниш нечоғли муҳим? Шубҳа йўқки, солиқ тизимида бу билим сув ва ҳаводек зарур: ҳужжатда қайд этилган кичик бир деталь ҳам катта молиявий йўқотишларга олиб келиши ёки энг камида кераксиз қоғозларни тўлдиришга сабаб бўлиши мумкин. Бу эса, табиийки, тадбиркордан ҳам, тизим ходимидан ҳам кўп вақт ва куч талаб қилади.
Соҳа вакиллари солиқ тизимидаги янгиликлар билан яқиндан танишишини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасида "Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи" деб номланган лойиҳа доирасида узоқ муддатли тренинглар ташкил этилди.
Дастлабки маҳорат дарси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 августдаги 489-сонли қарори билан тасдиқланган "Қўшилган қиймат солиғи миқдорини қоплаш тартиби тўғрисида"ги Низомда қайд этилган масалаларга бағишланди. Унда соҳанинг 40 га яқин вакиллари қатнашди.
Тренингга илк тингловчи сифатида Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг Камерал назорат бўлими ходимлари таклиф қилинди.
Шуниси қувонарлики, тренинглар бундан буён ҳам мунтазам давом этади. Ва уларнинг аудиторияси кенгайгани сайин солиқ тизимида қабул қилинган барча ҳужжатлар ҳаётга кенг татбиқ этилиши таъминланади.
Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати