Жорий йил 9 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 358-сон қарори қабул қилинди.
Низом қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ утилизация йиғимини тўлаш талаб этиладиган транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларига нисбатан утилизация йиғимини ҳисоблаш, тўлаш, ундириш, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини қайтариш, шунингдек транспорт воситалари чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш билан боғлиқ инфратузилмани ташкил этиш тартиби белгиланди.
Утилизация йиғимини ҳисоблаб чиқариш утилизация йиғимининг миқдорлари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларининг турлари ва тоифалари рўйхатига мувофиқ амалга оширилади (ВМҚ 347-сон, 02.06.2020й.).
Утилизация йиғими транспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган транспорт воситалари ишлаб чиқарадиган жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳисоблаб чиқарилади.
Йиғимни тўлаш учун ҳисобварақлар тўғрисидаги маълумотлар Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси расмий веб-сайтларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириш йўли билан утилизация йиғими тўловчиларига етказилади.
Транспорт воситаларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиси ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай маҳаллий транспорт воситалари ишлаб чиқарувчиси жойлашган жойдаги солиқ органига, фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиш учун ишлаб чиқарилган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғими ҳисоб-китобларини электрон шаклда тақдим этади ва сотилган транспорт воситалари бўйича утилизация йиғимини тўлайди.
Экспорт бозорларида сотиш учун ишлаб чиқарилган автомобиллар маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан ички бозорга сотилган тақдирда, ишлаб чиқарувчи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай утилизация йиғимини тўлайди. Бунда сотилган автомобил харидор томонидан қайтариб берилган тақдирда ҳисоб-китобга тузатиш киритилади.
Утилизация йиғимининг тўланган ва қайта ҳисобланган суммалари ўртасида фарқ аниқланганда камчилик миқдори утилизация йиғимининг такрорий (тузатилган) ҳисоб-китоби тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида йиғим тўловчиси томонидан тўланади. Бунда ортиқча тўланган (ундирилган) утилизация йиғими суммаси, тўловчининг утилизация йиғими бўйича мавжуд қарзларини қоплашига ёхуд утилизация йиғими тўловчисига қайтариш учун ҳисобга олинади. Ортиқча тўланган утилизация тўловлари йиғим тўловчисининг аризаси асосида, тегишлича божхона ва солиқ органларига ариза берилган санадан эътиборан ўн иш куни ичида қайтарилади.
Утилизация йиғими тўланмаган ёки белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўланмаса, давлат солиқ хизмати органлари томонидан белгиланган тартибда утилизация йиғимини ундириш чоралари кўрилади.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ назорати амалга оширилган пайтда утилизация йиғими ҳисоб-китобларида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, утилизация йиғими тўловчисига уларни қайта ҳисоблаш ва (ёки) тегишли ҳисоботга тузатишлар киритиш талабномаси юборилади.
Утилизация йиғими тўловчиси талабнома олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда аниқлаштирилган ҳисобот ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Тақдим этилган асосномалар тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.
Утилизация йиғими 100 фоиз миқдорида даромадлар бўйича ғазначилик шахсий ҳисобварағига келиб тушади.
Истеъмол хусусиятларини йўқотган барча турдаги транспорт воситалари уларнинг эгалари (мулкдорлари) томонидан утилизация қилувчиларга топширилганда, транспорт воситаларини рўйхатга олиш (рўйхатдан чиқариш) ваколатига эга ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
Утилизация йиғими тўланмаган транспорт воситаларининг утилизация қилиниши утилизация қилувчи томонидан утилизация учун сарфланган харажатлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда утилизация қилувчи ташкилот ва транспорт воситасининг мулкдори ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади.