Давлат солиқ қўмитаси ютуқли чек ўйинларининг учинчи тиражи яқинлашмоқда. Ҳар бир тиражда иштирокчилар сони ортиб бормоқда – рўйхатдан ўтказилган чеклар сони 25 мингдан ошиб кетди. Йирик ижтимоий акциянинг бир қисми бўлишга улгуриб қолинг ва кўплаб қимматбаҳо совғаларни ютиб олинг, шу жумладан, супер ютуқ – Chevrolet Nexia 3 автомобилини ҳам.
Ютуқли чек ўйинига жамоатчиликнинг қизиқиши савдо ва хизмат кўрсатиш устидан жамоатчилик назоратини кучайтирди. Aксарият истеъмолчилар аллақачон QR кодли чеклар ўйинда иштирок этишларини билади. Бундай чеклар ҳамма жойда ҳам берилмайди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, дорихона, АЁҚШ ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдо пунктларида, шунингдек, йирик савдо тармоқларида онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал касса чеклари берилиши шарт. Бунда тўлов қандай шаклда – нақд пул ёки банк картаси орқали амалга оширилишининг аҳамияти йўқ. Aгар сотувчи асоссиз сабабларни келтириб, чекни беришдан бош тортса, истеъмолчи жарима тўғрисида огоҳлантириш ҳуқуқига эга. Солиқ кодексининг 221 моддасида “назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик” беш миллион сўм миқдорида жарима солиш белгиланган.
Қонуний харидни амалга ошириб ёки кўрсатилган хизмат учун чек олгандан сўнг, истеъмолчи уни тўғри рўйхатдан ўтказиши керак. Чекнинг QR кодини SOLIQ иловасида сканерлаш ёки 12 хонали фискал белгисини 1077 рақамига SMS тарзида юбориш орқали рўйхатдан ўтказилади. Ҳар бир чекка уни рўйхатдан ўтказган эгасининг рақами бириктирилади. Муҳим: чекни аслини бутун ҳолатда сақлаш лозим. Яроқсиз – йиртилган ва сифати бузилган чеклар соврин беришга асос бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, бир кун давомида битта савдо нуқтасидан фақат иккита, харид миқдори 1000 сўмдан зиёд чекни рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Харид миқдори 1000 сўм ёки ундан зиёд бўлган чек учун телевизор, кир ювиш машинаси, кондиционер, газ плитаси, дазмол, велосипед ва ҳатто автомобиль ютиб олиш мумкин. Чеклар сони қанча кўп бўлса, ғолиб бўлиш имкони шунча кўп бўлади.
Ютуқли чек ўйинлариннг учинчи тиражи 2020 йил 16 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Чек талаб қилинг, ўз ҳуқуққингиз учун курашинг ва қимматбаҳо совға соҳиби бўлинг.
ДСҚ Матбуот хизмати