Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унда, суд қарори билан мажбуриятнинг бекор қилиниши туфайли ёки банкротлик орқали тугатиш, қарздорнинг вафоти ёхуд даъво муддати ўтиши (тугаши) сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарзни ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этиш назарда тутилган. (Солиқ кодексининг 60-моддаси)
Лойиҳада ундирилиши умидсиз деб эътироф этиладиган солиқ қарзининг аниқ мезонлари белгилаб берилмоқда.
Жумладан:
а) банкротлик орқали тугатилган юридик шахснинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзи узилмай қолганда;
б) якка тартибдаги тадбиркор банкрот деб эътироф этилганда қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзи узилмай қолганда;
в) якка тартибдаги тадбиркор вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан унинг мол-мулки солиқ қарзини узишга етарли бўлмаганлиги сабабли солиқлардан қарзи узилмай қолганда;
г) жисмоний шахс вафот этганлиги ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганлиги муносабати билан унинг мол-мулки солиқ қарзини узишга етарли бўлмаганда;
д) вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи мол-мулкини мерос қилиб олган меросхўри (меросхўрлари) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қийматидан ортиқ бўлганда;
е) вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда;
ж) солиқ органи солиқ қарзини ундиришнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан уни ундириш имкониятини йўқотганлиги тўғрисида суд томонидан ҳужжат қабул қилинганда, шу жумладан суд томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилганда;
з) чет эллик юридик шахс солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда, доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ва Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан тўлаш имконсизлиги сабабли солиқ қарзи тўланмаганда ундирилиши умидсиз деб эътироф этилади.
Шунингдек, қарор лойиҳасида ундирилиши умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш учун асос бўладиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланмоқда.
Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор, тегишли ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмай солиқ органи қарори асосида ҳисобдан чиқарилиши белгилаб қўйилмоқда.
Солиқ органининг солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарори ушбу Низом қоидаларига мувофиқ эмас, деб топилганда Давлат солиқ қўмитаси ёки суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланмоқда.