Бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари тегишли органлар билан ҳамкорликда деҳқон бозорларида энг муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошиб кетмаслиги юзасидан назорат тадбирларини ўтказиб келмоқда.
Минг афсуски, айни синовли дамларда айрим фуқароларимиз «Ётиб қолгунча отиб қол» қабилида иш тутиб, фойда кўриш, даромад орттиришга уринмоқдалар.
Масалан, сўнгги икки ҳафта давомида Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган 27 та назорат тадбирида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз савдо қилаётган фуқаролар аниқланган. Улардан жами 25 млн. 787 минг сўмлик маҳсулотлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган.
Шунингдек, Қарши шаҳар Насаф кўчасида жойлашган савдо дўконида фуқаро М. Ж тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ҳеч қандай ҳужжатларсиз ун маҳсулотларини сотаётгани аниқланди. Ундан жами 37 қоп жами 5 млн. 767 минг сўмлик ун маҳсулотлари ва бўш қоплар олиб қўйилди.
Албатта, ҳар бир қонунбузилиш ҳолатлари мавжудки, унга жазо муқаррар...
Биз эса фуқароларимиздан тадбиркорлик фаолиятини белгиланган тартиблар асосида амалга оширишларини, нархларни сунъий оширмасликка чақирамиз.
Қашқадарё вилоят ДСБ
Матбуот хизмати