Мамлакатимиз Президентининг жорий йил 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Урганч шаҳри “ўсиш нуқталари” – тўқимачилик ва туризм йўналишларини ривожлантириш учун Давлат солиқ қўмитаси раиси масъул этиб бириктирилди.
Шундан сўнг, Урганч шаҳрини 2021-2023 йиллар давомида ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда устувор йўналишлар ижроси бўйича махсус штаб ташкил этилди. Унда давлат солиқ хизмати органлари раҳбар ходимлари иш олиб бормоқда. Махсус штаб тўлиқ замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, интернет тармоғига уланди.
Махсус штаб олдида турган асосий вазифалар 3 та йўналишдан иборат бўлиб улар қуйидагилар:
1-йўналиш – Инвестиция лойиҳалари (саноат ва хизмат соҳалари) бўйича 44 та лойиҳалар эвазига 2 290 та иш ўрни яратиш;
2-йўналиш – Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларида 51 та лойиҳани амалга ошириш;
3-йўналиш – Ижтимоий соҳа объектлари бўйича 43 та лойиҳани амалга ошириш таклифи берилган.
Шунингдек, “Маҳалла раиси ислоҳотчи” – Хоразм тажрибасини йўлга қўйиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бунинг учун шаҳардаги 38 та маҳаллага давлат солиқ хизмати органлари ходимлари бириктирилди.
Ҳар бир маҳалла паспорт маълумотларидан келиб 2020-2022 йиллар учун маҳаллалар кесимида “йўл харитаси” тасдиқланди. Унда шаҳар инфратузилмаси, коммуникация ва ижтимоий ҳолати тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилди.
Шунингдек, “Маҳалла драйверлари”ни аниқлаш бўйича 11 минг та хонадон хатловдан ўтказилиб, улардан 577 та хонадонда тадбиркорлик лойиҳалари амалга оширилади.
2021 йилда шаҳарда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган 44 та лойиҳа негизида 2 300 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Ҳозирда шундан 13 та янги лойиҳа шакллантирилди. Бунинг натижасида 1 468 та янги иш ўрни пайдо бўлади.
Бундан ташқари, 2021 йилда МТТ мавжуд бўлмаган МФЙда 15 та оилавий нодавлат МТТ ташкил қилиш режалаштирилган.
Янги йил совғалари барчага қувонч бағишлади
Урганч шаҳрида махсус штаб томонидан ҳудудни ривожлантиришга қаратилган барча чора-тадбирлардан асосий мақсад аҳолини бугунидан рози қилиш, келажак авлод учун муносиб шароитлар яратиш. Хусусан, ўғил-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, ёшларнинг фикр ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, юксак марралар сари олға бориши учун илҳомлантириш.
Махсус штаб аъзолари янги йил арафасида Урганч шаҳридаги 32-сонли кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлди. Шу муносабат билан ташкил этилган жонли театр саҳналари, қувноқ куй-қўшиқларга уланган рақслар кўнгилларга хушкайфият бағишлади.
Айниқса, янги йил эртак қаҳрамонларининг ҳазиллари, билмасвой ва билағонларнинг савол-жавоблари уларга олам-олам қувонч улашди.
Янги йил арафасидаги театр томошалари эса ёш авлодда она Ватан ва табиатни севишга, бахтли болаликни қадрлашга, меҳнатсеварлик, меҳр-мурувват каби фазилатлар шаклланишига туртки бўлди.
Тадбир якунида болаларнинг кўнглини янада кўтариш учун уларга янги йил табриги сифатида совғалар тақдим этилди.
Байрам ярмаркаси аҳолига қулайлик яратмоқда
Янги йил шукуҳи кезиб юрган айни кунларда Урганч шаҳрида давлат солиқ хизмати органлари кўмагида озиқ-овқат ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Шаҳарнинг марказий савдо мажмуалари, марказий деҳқон бозори ва аҳоли гавжум ҳудудларида ташкил этилган янги йил савдо ярмаркалари аҳолига янада қулайлик яратмоқда.
Аҳолининг гавжумлигига қараб бозорлар ҳудудида 22 та, бозорлардан ташқарида 93 та ярмарка ташкил қилинди. Харидорларга қулайлик яратиш ҳамда яширин иқтисоднинг олдини олиш қолаверса, чакана савдо қоидаларига риоя этиш мақсадида ярмаркалар назорат остига олинди, барчаси назорат-касса машиналари ва терминаллар билан жиҳозланди.
Байрам кунлари мазкур ярмаркаларда аҳоли учун сифатли, арзон ва хавфсиз бўлган мевалар, сут, гўшт, сабзавот, қандолат ва бошқа маҳсулотлар салқин ичимликлар, бозор нархидан сезиларли даражада арзонлаштирилган тарзда сотилмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати