Жанубий Кореянинг Чоннам Миллий университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик битирувчи ёшлар Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюрди.
“Ўзбекистонда карьера лагери” дастури доирасида Чоннам Миллий университетининг 20 дан ортиқ талабаси Давлат солиқ қўмитасига мамлакатимиз солиқ хизмати фаолияти билан танишиш учун келди.
Ёш истиқболли кадрларни жалб қилиш мамлакатимиз ёшлар сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Шунингдек, ДСҚ ҳам тизимга салоҳиятли ёш кадрларни жалб қилиш тамойилига амал қилади. Бунда, айниқса, чет элда ўқиган ва бошқа мамлакатларда илғор тажрибаларни ўрганган мутахассисларга алоҳида эътибор қаратади.
Жанубий Кореядан келган ўзбекистонлик талабалар ДСҚнинг
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига ташриф
буюрганида, солиқ хизмати бугунги кунда, айниқса, солиқ тўловчилар билан алоқа
қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш нуқтаи назаридан ўз қиёфасини ўзгартирганига
ишонч ҳосил қилди.
Tалабалар ДСҚ раҳбарияти чет элда таҳсил олган ёш мутахассисларни ҳамкорлик қилишга ва келгусида иш билан таъминлашга тайёрлигини билдирганидан мамнун бўлди.
– Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюрганимиздан кейин
солиқ хизмати ҳақидаги тушунчамиз тубдан ўзгарди”, – дейди, Чоннам Mиллий
университети Иқтисодиёт факультети талабаси Нозима Йўлдошева. – Илгари солиқ
идоралари ходимлари форма кийиб юрар эди. Солиқ назорат қилувчи орган эди. Ҳозир биз мижозларга хизмат кўрсатиш идорасини
кўряпмиз. Таҳсил олишни тугатганимдан сўнг, мамлакатимиз солиқ хизматининг
ривожланишига ҳисса қўшиш истаги пайдо бўлди.
Tалабалар, шунингдек, Яшнобод тумани Давлат солиқ инспекциясида ҳам бўлиб, солиқ хизмати фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ёшлар Солиқ кодексининг янги таҳрири қабул қилиниши, унинг мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришга таъсири ҳақидаги саволлар билан муражаат қилди. Солиқ хизмати ходимлари бўлажак мутахассисларнинг барча саволларига жавоб беришди.
Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг май ойида, Чоннам Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ўртасида Ҳамкорлик Меморандуми имзоланган эди.
Ушбу Меморандумда
Чоннам Миллий университети талабаларининг амалиёт ўташи ва кейинчалик уларни Давлат
солиқ хизмати органларида иш билан таъминлаш назарда тутилган.
ДСҚ матбуот хизмати