Жорий йилнинг 3 март куни Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда вилоятдаги босма ва электрон нашрлар, телеканалларда фаолият юритаётган журналистлар иштирок этди.
Пресс-тур «WELLFORT» масъулияти чекланган жамияти корхонасига ташриф билан бошланди. Айни пайтда минг нафарга яқин ишчи-хизматчилар ишлайдиган мазкур корхона дунёнинг машҳур брендлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Корхона раҳбари Алижон Эрматов журналистларга иш жараёни ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг айтишича 2017 йилда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланишни бошлаган корхона бугунга келиб Россия, Беларусь, Туркия, Италия ҳамда Нидерландия каби давлатларга ўз маҳсулотларини экспорт қилиб келмоқда.
Солиқ ислоҳотларининг ижобий таъсири натижасида корхонанинг экспорт ҳажми 2019 йил якунлари билан 5,3 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Шунингдек, 2018 йилда корхонада 500 нафар ишчи-ходимлар меҳнат қилган бўлса, меҳнатга ҳақ тўлаш фондида солиқ юкининг пасайтирилиши натижасида 2019 йилда қўшимча 300 нафар янги иш ўрни яратилиб, ишчилар сони 800 нафардан ортди.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида низоли вазиятлар юзага келганида солиқ низоларини судгача ҳал қилишни мажбурий ўтказиш тартиби белгиланди. Айни жиҳат ривожланган мамлакатлардан келаётган инвесторларнинг асосий талабларидан бири экани билан алоҳида эътиборга молик.
Гулистон давлат университетида профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирокида бўлиб ўтган амалий семинарда янги таҳрирдаги Солиқ кодексидан жой олган ана шундай янгилик ва ўзгаришларнинг иқтисодий аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Қайд этилганидек, Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш институтининг ривожланиши солиқ тўловчиларнинг солиқ органларига ишончини кучайтириш ва солиқ низоларини кўриб чиқиш бўйича сарф-харажатларни қисқартириш имконини беради. Чунки суд билан боғлиқ ҳаражатлар, бож тўловларини тўлашга зарурият қолмайди.
Куннинг иккинчи ярмида пресс-тур намунали солиқ тўловчи корхоналардан яна бири - «GULISTON MED TEXNIKA» қўшма корхонасида давом этди. Бу ерда иштирокчилар экспорт корхоналари учун берилган солиқ имкониятларининг амалий натижаларига бевосита гувоҳ бўлди.
- Корхонамизда 2018 йилда 70 нафар ходим фаолият юритган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 150 нафарга етди, - дейди корхона мутахассиси Беҳзод Бўронов. - Солиқ ислоҳотлари натижасида корхонамиз ҳисобида тежалаётган маблағлар ҳажми сезиларли ортмоқда.
Бунинг эвазига ходимларимизнинг маошини оширяпмиз. Қолаверса, хориждан янги технологияларни олиб келиб, фаолиятимизни янда кенгайтиряпмиз. Бу нафақат иш унумдорлиги ошишига, балки янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилмоқда.
Солиқ ставкаларининг пасайгани фаолиятимизда яна бир қатор ижобий натижаларга асос бўляпти. Масалан, биргина 2018 йил 217 минг АҚШ долларлик маҳсулотларни четга экспорт қилган эдик. Бу кўрсаткич 2019 йилда қарийб 900 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Ҳақиқатан ҳам, солиқ қонунчилигига киритилган янгилик ва ўзгартиришлар тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга муҳим ҳуқуқий асос бўляпти.
Тадбиркорларнинг давлатга, солиқ органларига ишончи тобора ортмоқда. Улар ўз олдига катта мақсадлар қўйяпти, дадил ва қатъий қадамлар ташлаяпти. Бу келажакда ўзининг аниқ амалий натижалари билан жамиятимиз ривожи, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшади. Пресс-тур журналистларда ана шундай мулоҳаза ва хулоса билан якунланди.