Жумладан, жорий йилнинг 28 март куни пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган назорат тадбирлари давомида Бунёдкор кўчасида фуқаро Маҳмуд Акрамов (исм фамилиялар ўзгартирилган) ҳеч қандай ҳужжатларсиз, яроқлилиги номаълум бўлган 68 минг 500 дона, умумий қиймати 82 миллион 200 минг сўмлик тиббий ниқобларни ноқонуний равишда савдога қўйгани ҳамда нархларни сунъий равишда ошириб сотаётгани маълум бўлди.
Назорат тадбири давомида “уддабурон тадбиркор”дан мазкур тиббий ниқобларнинг фойдаланишга яроқли ёки яроқли эмаслиги сўралганида маҳсулотларни Наманган вилоятидан номаълум шахсдан нақд пулга олгани ва сифат сертификати билан қизиқмаганини маълум қилишдан нарига ўтмади.
Ҳудди шунингдек, ҳудуддаги кичик ҳалқа йўлида жойлашган улгуржисавдо бозори олдида ўтказилган назорат тадбири давомида фуқаро Махмуд Нуриддинов (исм фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ўз нафсини фуқароларимиз саломатлиги ва жамиятимиз хавфсизлигидан устун қўйиб, мўмай даромад илинжида ноқонуний равишда тиббий ниқоблар савдоси билан шуғулланаётгани аниқланди.
Назорат тадбири давомида сифат сертификатига ва савдога чиқариш учун ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган 24 минг 550 дона, умумий қиймати 36 миллион 825 минг сўмлик тиббий ниқоблар вақтинча олиб қўйилди.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонуний чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, вақтинча олиб қўйилган тиббий ниқобларнинг фойдаланишга яроқлилигини текшириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига тақдим этилади. Маҳсулотлар фойдаланишга яроқли деб топилган тақдирда аҳолига фойдаланиш учун чиқарилади.
Маълумот учун: Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан жорий йилнинг 17-28 март кунлари пойтахтимизда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 291 минг 345 дона, умумий қиймати 574 миллион 900 минг сўмлик ҳеч қандай сифат сертификатига эга бўлмаган тиббий ниқоблар ноқонуний равишда савдога қўйилганлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар ДСБ Матбуот хизмати