Парламент қуйи палатасидаги сиёсий партия фракциялари ҳамда қўмиталари йиғилишларида кечаётган муҳокамаларда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилмоқда.
Депутатлар томонидан лойиҳанинг ҳар бир нормаси иқтисодиётнинг барча жабҳасида макроиқтисодий барқарорликка эришиш, пировардида, мамлакат ривожи ҳамда халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш нуқтаи назардан муҳокама қилинмоқда.
Бундан ташқари, муҳокамаларда солиқ тизимида ҳуқуқни қўллаш амалиётида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ҳисобига солиқ назоратининг тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, шу билан бирга, назорат функциялари турларини имкон қадар камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига солиқ тўловчилар учун таҳлика-таҳлил асосида солиқ назоратининг янги тартиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) таклиф этилмоқда.
Таҳлика-таҳлил дастури фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу дастур жаҳондаги кўплаб давлатларда, жумладан Канада, Австралия, Янги Зеландия, Россия федерацияси каби ривожланган давлатларда ҳозирда самарали қўлланилиб келинмоқда.
Хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади.
Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга нисбатан молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди.
Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Ўз-ўзидан аниқки, бундай корхоналар доимий назоратда бўлади.
Ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳасида соҳани янада такомиллаштириш, солиқ ислоҳотларини тўла-тўкис рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган бу каби кўплаб янгиликлар кўзда тутилмоқда.