Давлат солиқ хизмати органлари Тошкент шаҳри Юнусобод туманида тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли муаммоларини ўрганди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 ноябрь куни Тошкент шаҳри туманларига ташрифи давомида Юнусобод туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул этиб Давлат солиқ қўмитаси Раиси бириктирилди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, қўмита томонидан бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганиш ва аниқланган муаммолар юзасидан чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида 2 та ишчи гуруҳи тузилди. Улар тумандаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши паст кўрсаткичга эга бўлган “Ҳусниобод”, “Акбаробод”, “Боғи эрам”, “Биллур”, “Посира” ҳамда Аҳмад Дониш номли 6 та маҳаллани танлаб олди. Ушбу маҳаллаларда жойлашган нотурар объектлар хатловдан ўтказилди. Ўрганилган 259 та субъектдан 237 таси тўла қувватда ишламоқда, 16 таси кам қувватда ва 6 таси умуман фаолиятини тўхтатган.
“Посира” маҳалласидаги фаолиятини тўхтатган 3 та тадбиркорлик субъекти корхонада айланма маблағи мавжуд эмаслиги ва кредитга муҳтожлигини, яна бир шундай корхона эса фаолиятини амалга ошириш учун жой кераклигини маълум қилди. Ҳозирда солиқ хизмати органлари ушбу корхоналарга фаолиятини қайта тиклаши учун амалий ёрдамлар кўрсатмоқда.
Шунингдек, ўрганишлар натижасига кўра, ҳудуддаги мавжуд 63 580 та хонадонда яшовчи 106,5 мингта оиланинг қарийб 2 300 таси “Темир дафтар”га киритилган. “Аёллар дафтари”да 450 нафарга яқин, “Ёшлар дафтари”да 420 нафар фуқаро рўйхатда туради. Жами ишсизлар сони эса 1 136 нафар. Бу борада зарур ишлар олиб борилмоқда. Танг аҳволга тушиб қолган корхоналарни қайта “жонлантириш” ҳам туманда ишсизлар сонини қисқартириш чораларидан биридир.
Яқинда Юнусобод тумани ҳокимлигида давлат солиқ хизмати органлари мутасаддилари тадбиркорлик субъектлари ва маҳаллий аҳоли билан учрашди. Унда юқоридаги каби муаммолар ўртага ташланди. Солиқ хизмати органлари ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари томонидан уларни ҳал этиш юзасидан керакли маслаҳатлар ва амалий ёрдам берилди. Шунингдек, энди фаолият бошлаш истагида бўлган фуқаролар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Учрашув якунида кўтарилган масалалардан келиб чиқиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
ДСҚ Матбуот хизмати