Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратида ютуқли чек ўйинларининг 2021 йилдаги тўртинчи тиражи ғолибларига совринлар тантанали равишда топширилди.
Жорий йилнинг 29 апрель куни «O‘zbekiston» телеканали орқали жонли эфирда ўтказилган тўртинчи тиражда 205 750 та чек иштирок этди. Бу ютуқли ўйинларда чекларни рўйхатдан ўтказиш бўйича янги рекорд.
Навбатдаги 25 та совринлар жамланмаси – 5 та пул мукофоти, 3 та телевизор, 3 та кондиционер, 3 та газ плитаси, 3 дона мобил телефон, санаторийга 3 та йўлланма, 4 дона велосипед ва Chevrolet Spark пойтахтимиз, шунингдек Андижон, Бухоро, Наманган, Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари истеъмолчиларига насиб этди.
Бу галги тиражнинг энг омадли иштирокчиси Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Алишер Рашидов бўлди. У харид миқдори 15 минг сўм бўлган чекни рўйхатдан ўтказиб Spark автомобили соҳиби бўлди.
Тақдирлаш маросимида асл ҳолатда сақланган ютуқли чекларини тақдим этган омадли иштирокчиларга совринлар топширилди.
Ғолиблар ёрқин таассуротлари билан ўртоқлашди.
Лаура Зокирова – журналист (кондиционер соҳибаси):
Ютуқли чек ўйинларида ўтган йилдан бери иштирок этиб келаман. Ҳар бир тиражни бевосита жонли эфирда кузатиб бораман. Ғолиб бўлганимни ҳам жонли эфир вақтида билдим ва жуда хурсанд бўлиб кетдим. Яқинда янги хонадонга кўчиб чиққан эдик. Кондиционер янги хонадонимиз учун ажойиб совға бўлди.
Дилбар Тошмуродова – пенсионер (телевизор соҳибаси):
Ютуқли чек ўйинларининг ҳар бир тиражини қолдирмасдан кузатиб борамиз. Эҳтиёжимиз учун нима харид қилсак, албатта чек оламиз, беришмаса талаб қиламиз. Бу бизнинг оилавий одатимизга айланган. Чекларни рўйхатдан ўтказиш эса энг севимли машғулотимиз. Бу йил кичкина ўғлимни уйлантиришни режалаштирганмиз. Телевизор бўлажак янги оилага биринчи совға бўлди.
Алишер Рашидов – иш бошқарувчи (Spark автомобили соҳиби):
Ютуқли чек ўйинларида 2020 йил октябрь ойидан бери иштирок этиб келаман. Рўйхатдан ўтказилган чекларни алоҳида қутичада сақлаб қўяман. Одатимга кўра, 29 апрель куни барча чекларимни олиб ўйинни жонли эфирда кузатдим. Шунга қарамай, ғолиб бўлганимни жонли эфирдан қўнғироқ бўлганда билдим. Чунки айнан ютуқли чек қутичада қолиб кетган экан. Ғолиб бўлганимни билгач, айниқса фарзандларим ва онажоним ҳаммадан кўра кўпроқ хурсанд бўлди.
Дўстларим ўйинда иштирок этиш шартлари ҳақида сўрай бошлади. Ҳар бирига билганларимни эринмасдан тушунтириб беряпман. Улар ҳам ютуқли чек ўйинларида иштирок этишни бошлаб юборган.
Ўйинда ғолиб бўлишимга ишонардим, сиз ҳам ишонинг ва ғолиб бўлинг!