Илк бора нозик қалб соҳибаси ютуқли чек ўйинлари супер соврини ғолиби бўлди
Бугун, 25 март куни «O‘zbekiston» телеканалида тўғридан-тўғри эфир орқали ДСҚ ютуқли чек ўйинлари учинчи тиражининг 25 нафар ғолиби аниқланди.
Шунингдек, ютуқли чек ўйинининг ушбу тиражи Давлат солиқ қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам Тошкент вақти билан соат 18:00 дан 19:30 га қадар жонли эфирга узатилди. Очиқ ва шаффоф тарзда бўлиб ўтган ўйинда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, эстрада ва кино артистлари эксперт сифатида иштирок этди.
Бу галги ютуқли чек ўйинларида иштирокчилар томонидан онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалардан берилган 156 588 та чек рўйхатдан ўтказилди. Бу нафақат ютуқли чек ўйинларинг янада оммалашиб бораётганлигини билдиради, шу билан бирга, ўз ҳуқуқларини биладиган, хариди учун чек талаб қиладиган истеъмолчиларнинг янги авлоди шаклланишига хизмат қилади.
Учинчи тиражда 25 та қимматбаҳо совға – маиший техника, «Хумсон» санаторийсига йўлланма, мобил телефон ва пул ютуқлари ўйналди. Супер ютуқ – Chevrolet Spark автомобили эса Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи ҳамюртимиз Махтумахон Шоумаровага насиб этди. Шу тариқа, илк бора нозик қалб соҳибаси ютуқли чек ўйинларининг супер соврини ғолиби бўлди.
Бугалги 25 та совғанинг бахтли совриндорлари Тошкент шаҳри, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё ҳамда Тошкекнт вилояти истеъмолчилари бўлди.
Чек ўйинларида мамлакатимизнинг барча истеъмолчилари иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Дорихона, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдо нуқталари, шунингдек йиллик тушуми 100 млн. сўм ва ундан юқори бўлган йирик савдо ва хизмат кўрсатиш марказларидан берилган онлайн назорат-касса машиналари ҳамда виртуал касса чекларини рўйхатдан ўтказинг ва ютуқли чек ўйинларининг кейинги тиражларида қимматбаҳо совғалар соҳиби бўлинг.
ДСҚ чек ўйини учинчи тиражининг ҳаяжонли лаҳзалари ва унутилмас дақиқалари фоторепортажимизда тўпланган.
Эслатиб ўтамиз, ҳар бир соврин учун белгиланган пул мукофоти ютуқлар учун тўланадиган жисмоний шахсларнинг даромад солиғи сифатида ташкилотчи томонидан ушлаб қолинади. (Солиқ кодекси 377-модда, 5-қисм).
ДСҚ Матбуот хизмати