Одатий истеъмолчи билан ўз ҳуқуқини биладиган истеъмолчи ўртасидаги фарқ нимада? Одатий истеъмолчи онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалар ҳақида тушунчага эга бўлмаслиги мумкин. Одатий истеъмолчиларга сотиб олинган товарлар ёки кўрсатилган хизматлар учун чек тақдим этиш ёки бермаслик аҳамиятсиз.
Ўз ҳуқуқини биладиган истеъмолчи бу – чекнинг иқтисодий аҳамиятини тушунадиган истеъмолчидир. Ушбу тоифадаги истеъмолчилар чекларни фарқлай олади ва QR коднинг мавжудлиги хариднинг қонунийлигини кўрсатишини яхши англайдилар. Амалдаги қонунчиликка кўра QR кодли чеклар барча дорихоналарда, савдо тармоқларида, алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган дўконларда, ёқилғи қуйиш шохобчаларида, шунингдек ўтган йил якунлари бўйича товар айланмаси 100 млн сўмдан ошган барча савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов шаклидан (нақд пул ёки банк картаси) қатъи назар тақдим этилади.
Яна бир фарқ: ўз ҳуқуқини талаб қиладиган истеъмолчи Давлат солиқ қўмитасининг ютуқли чек ўйинларида иштирок этади ва қимматбаҳо совғаларни ютиб олади.
Ўйин бутун Республикани қамраб олган: Тошкент шаҳридан то Қорақалпоғистон Республикасигача. Ўйинда барча вилоят истеъмолчилари қатнашиши мумкин – барчада ғолиб бўлиш имконияти бор! Иштирок этиш учун QR кодли чекларни рўйхатдан ўтказишнинг ўзи кифоя. Агар сизга QR – кодли чекларни сканер қилиш қулай бўлса унда SOLIQ, PAYME ёки CLICK мобил иловаларидан фойдаланинг. Хоҳишингизга қараб, чекнинг 12 сондан иборат фискал белгисини 1077 рақамига SMS тарзида юборишингиз ҳам мумкин. Тизим чекларни рўйхатдан ўтказади ва жонли эфирда ўйналадиган чекларнинг тартиб рақамини бириктиради.
Навбатдаги, яъни ютуқли чек ўйинларининг 2021 йилдаги иккинчи тиражи 25 февраль куни соат 18:00 да «O‘zbekiston» телеканали орқали жонли эфирда бўлиб ўтади. 25 та қимматбаҳо совринлар – маиший техника, мобил телефон, санаторияга йўлланма, пул мукофотлари ва супер ютуқ - Chevrolet Spark автомобили ўйналади.
Аҳамият беринг: давлат солиқ хизмати органларининг ахборот тизимларида узилишлар бўлганлиги сабабли чекларни рўйхатдан ўтказишда хатоликлар юз берди. Ҳозирда муаммолар бартараф этилди ва чекларни рўйхатдан ўтказиш жараёни тикланди. Бугунги кунга қадар 55 мингга яқин чеклар рўйхатдан ўтказилди: Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилояти истеъмолчилари фаоллик кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз: ўйинда иштирок этиш бепул, бир кунда битта савдо нуқтасидан 2 тадан ортиқ бўлмаган чекларни рўйхатдан ўтказиш мумкин.
ДСҚ Матбуот хизмати