Жорий йилнинг 7 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5138-сон қарори қабул қилинди.
Унга кўра, қуйидагилар республикада замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- замонавий иссиқхона хўжаликларини биринчи навбатда, унда етиштириладиган маҳсулотлар бўйича импортни қисқартириш ва зарур ускуна ва техникалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига ташкил этиш;
- иссиқхона хўжаликлари учун уруғ, кўчат ва ўғитларнинг инвесторлар томонидан доимий етказиб берилишини ташкил этиш;
- ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари учун тўлиқ агросервис хизматларини кўрсатиш, малакали агрономларни бириктириш ҳамда замонавий лабораторияларни ташкил этиш;
- хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда иссиқхона хўжаликлари ишчиларини ўқитиш орқали соҳа бўйича етарли кўникмаларга эга бўлган мутахассисларни тайёрлаш;
- иссиқхоналар ҳосилдорлигини ва самарадорлигини йил давомида ҳосил олиш амалиётини жорий этиш орқали ошириш.
Қарорга асосан, аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган, қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларида маҳсулот етиштириш билан шуғулланаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4742-сон қарорида белгиланган имтиёзлар ва шарт-шароитлар татбиқ этилади.
Бундан ташқари:
- уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилинади;
- иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2023 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилинади;
Шунингдек, иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилади.
Бунда, импорт қилинадиган товарларнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши тўғрисида экспертиза хулосаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК томонидан берилади.
ДСҚ Матбуот хизмати