Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши мамлакатимиз учун аҳамиятли бўлган Ўзбекистон солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш лойиҳасини маъқуллади.
Таъкидлаб ўтиш керак, халқаро экспертлар билан узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик Давлат солиқ хизмати органларига касбий салоҳиятини, хусусан, рақамли трансформацияни исботлаш имконини берди.
Жаҳон банки томонидан маъқулланган ушбу лойиҳа узоқ муддатли ҳамкорликда солиқ соҳаси ва Ўзбекистоннинг молиявий-иқтисодий салоҳиятини чуқур, профессионал таҳлил қилиш жараёнида ишлаб чиқилди.
Лойиҳа 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига амалга оширилади. Ушбу маблағлар Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда, 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этилади. Жаҳон банки гуруҳининг таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси шундай қарорга келди.
Лойиҳа ички бизнес, жамиятимиз ва умуман мамлакатимиз учун тарихий аҳамиятга эга. У операцион самарадорлик ва натижадорлик ҳамда солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширади. Лойиҳада Давлат солиқ қўмитасининг операцион, институционал, технологик ва инсон салоҳиятини ривожлантириш ҳамда солиқ қонунчилигига риоя қилишни рағбатлантириш назарда тутилган.
Ўзгаришлар солиқ маъмуриятчилигининг асосий бизнес жараёнларини автоматлаштиришга қаратилади. Чунки биз қоғоз ҳужжатларни босқичма-босқич қисқартириш ва солиқларни тўлаш жараёнини соддалаштириш сари қадам ташлаяпмиз.
Ахборот-коммуникация технологияларининг барча инфратузилмалари модернизация қилинмоқда. ДСҚ янги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш марказини яратилиб, АКТ учун масъул бўлинмаларини бошқариш ва уларнинг фаолиятини режалаштириш соҳасидаги имкониятлари яхшиланмоқда.
Яна бир компонент иқтисодиётнинг норасмий секторини қисқартириш чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ёрдам беради. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича ДСҚнинг ижро этувчи салоҳияти оширилади.
Соддалаштирилган солиқ сиёсати бизнесни солиқ қонунчилигига риоя қилишга ундайди.
ДСҚнинг инсон ва институционал салоҳиятини ривожлантириш жараёнлари ҳам параллел равишда олиб борилади.
Янги тизимда замонавий билимларга эга бўлган малакали ва юқори компетенциалли ходимлар хизмат қилиши лозим.
Жорий йил бошидан буён ДСҚ кадрларни бошқариш сиёсатини такомиллаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Мунтазам малака ошириш ва касбий тайёргарлигини ошириш орқали ходимларнинг салоҳияти ривожлантирилмоқда.
Лойиҳа ҳақида тўхталадиган бўлсам, биз солиқ тўловчилар манфаатлари ва мамлакат фаровонлиги учун Ўзбекистоннинг бизнес ва сармоявий муҳитини яхшилашга интиляпмиз.