Солиқ хавфининг таҳлили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” 2021 йил 7 январдаги 1-сон қарори билан тасдиқланган “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида” низомга мувофиқ амалга оширилади.
Солиқ хавфини бошқариш тизими стратегияси ва тактикасини, ахборот йиғиш ва уни қайта ишлаш, солиқ хавфини таҳлил қилиш ва баҳолаш, солиқ хавфини бошқаришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.
Қуйидагилар солиқ органлари томонидан хавфни бошқариш тизимини қўллаш мақсадлари ҳисобланади:
юқори хавфга эга бўлган соҳаларга эътиборни жамлаш ва солиқ органлари тасарруфидаги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;
солиқ солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш имкониятларини ошириш;
фаолияти бўйича солиқ хавфи паст деб аниқланган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ назоратини минималлаштириш;
солиққа оид ҳуқуқбузарликларни, шунингдек, солиқ текширувларини ўтказишга танлаб олинадиган солиқ тўловчиларни инсон омилисиз автоматлаштирилган дастурий маҳсулот орқали аниқлаш имкониятларини янада кенгайтириш;
солиқ хавфи даражасидан келиб чиқиб солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ текширувлари шаклларини белгилаш.
Солиқ хавфи қуйидаги манбалардан олинган маълумотлар асосида таҳлил қилинади:
солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган солиқ ва молиявий ҳисоботлар, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларида акс эттирилган маълумотлар;
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 30 октябрдаги ПФ-6098-сон Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 30 октябрдаги ПҚ-1843-сон қарорига асосан давлат органлари, муассасалар ва ташкилотлар томонидан солиқ органларига тақдим этилган маълумотлар;
хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари томонидан ўзаро ахборот алмашиш борасида тузилган битимлар доирасида тақдим этилган маълумотлар;
оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;
ўтказилган солиқ текширувлари материалларидаги маълумотлар;
суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича аниқланган маълумотлар (ҳукм, қарор, ажрим, ҳал қилув қарори ва бошқа ҳужжатлар);
солиққа оид ҳуқуқбузарлик фактлари тўғрисида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
статистика органларидан олинган маълумотлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан олинган маълумотлар.
Солиқ тўловчилар солиқ хавфи даражасига қараб паст, ўрта ва юқори хавфли тоифаларга ажратилади.
Солиқ хавфи даражаси юқори бўлган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ аудити тайинланади. Солиқ хавфи даражаси ўрта ва паст бўлган солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ органлари томонидан Солиқ кодексида назарда тутилган бошқа солиқ маъмурчилиги тадбирлари қўлланилади.