Аввал хабар берганинимиздек, Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида тузилган ишчи
гуруҳлари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида янги таҳрирдаги Солиқ
кодекси ҳамда солиқ қонунчилигидаги янгиликлар мазмун-моҳияти кенг
жамоатчиликка етказишга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Фарғона – ДСҚ раиси бошчилигида солиқ тўловчилар билан ўтказилаётган семинар-тренингларнинг навбатдаги манзили бўлди.
Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар маркази”да янги таҳрирдаги Солиқ кодексига кўра солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Семинарда Давлат солиқ
қўмитаси раиси Б.Мусаев 2020 йилнинг 1 январидан кучга кирган янги таҳрирдаги
Солиқ кодексининг мазмун-моҳияти, унда кўзда тутилган асосий жиҳатларга
тўхталиб ўтди.
Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида ўтказилаётган солиқ ислоҳотларидан асосий мақсад тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик принципларига асосланган янги солиқ тизимини яратиш ҳамда инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий манфаатларини кучайтиришга қаратилганлигини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар янги
таҳрирдаги Солиқ кодексига кўра ҳар бир солиқ тури бўйича муҳим ўзгаришларни
атрофлича тушунтириб ўтдилар.
– Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига кўра киритилаётган ўзгаришлар тадбиркорларни кўллаб-қувватлашга хизмат қилади деб ўйлайман, – дейди “Мунис файзли мебеллари” МЧЖ бош ҳисобчиси Мирзарасулов Ахаджон. – Биргина мисол, 2019 йилда соддалаштирилган тартибда ҚҚСни тўловчи бўлган корхона 2020 йилда 15 фоизлик ставкада тўловчи бўлади. Бу ерда тадбиркор учун қулайлик томони шундаки, соддалаштирилган ҚҚС тўловчилар 2019 йилда сотиб олган товар моддий захира, асосий воситалар ҳамда тугалланмаган қурилиш объектлари қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин. Бизнинг корхона ҳам 2019 йилда соддалаштирилган ҚҚС тўлаганлиги сабабли сотиб олинган хом ашёларга тегишли ҚҚСни ҳисобга олиш имкониятидан фойдаланмаган. 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚСни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтганлигимиз сабабли ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти юзага келмоқда. Албатта, ушбу жараён биз каби тадбиркорларга ижобий таъсир этади.
Қизғин муҳокамаларга бой
бўлган семинарда иштирокчилар томонидан 30 дан ортиқ саволлар келиб тушди ҳамда
уларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Шунингдек, 400 га солиқ
тўловчилар иштирок этган тадбирда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга
оид 40 дан ортиқ мавзудаги стендлар тақдим этилди, 25 та мавзудаги 2 мингта
буклетлар тарқатилди.