Маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда солиқ хизмати органларининг қарорлари асосида хўжалик юритувчи субъектларининг 11 миллиард 536 миллион сўмлик солиқларини тўлаш муддатлари ўзгартирилди.
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқлари ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг барқарорлигига салбий таъсирини юмшатиш, шунингдек, молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, Муҳтарам Президентимизнинг Коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича ПФ-5969 ва ПФ-5978-сонли Фармонларида тадбиркорлик субъектларининг мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқларини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) масалаларига алоҳида урғу берилмоқда.
Жорий йилнинг 19 апрелигача маҳаллий давлат ҳокимияти ва солиқ хизмати органларининг қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларининг солиқларини тўлаш муддатлари кечиктирилди.
Жумладан, ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган субъектларининг 7,5 млрд. сўмлик солиқларини тўлаш муддатлари кечиктирилган бўлса, транспорт соҳаси тадбиркорлари 626,1 млн. сўм, қурилиш соҳаси вакиллари эса 623,6 млн. сўм миқдоридаги солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш имконига эга бўлди.
Бундан ташқари:
- савдо – 588,7 млн. сўм;
- саноат – 500,6 млн. сўм;
- хизмат кўрсатиш – 472,8 млн. сўм;
- умумий овқатланиш – 391,2 млн. сўм;
- бозор – 383, 4 млн. сўм;
- меҳмонхона хизмати – 251,3 млн. сўм;
- қишлоқ хўжалиги – 200, 4 млн. сўм;
- тиббий хизмат – 15,6 млн. сўм;
- тўйхона хизмати соҳаси вакилларига 11,3 млн. сўм миқдоридаги солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартиришга рухсат берилди.
Шунингдек, яна 690,2 млрд. сўм миқдоридаги солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича келиб тушган мурожаатлар ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДСҚ Солиқ қарзларини мажбурий ундириш бошқармаси бошлиғи Нодир Эркаев томонидан ушбу имкониятдан фойдаланиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилган эди.
ДСҚ Матбуот хизмати