Хабарингиз бор, мамлакатимиздаги пандемия шароитида короновируснинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари билан бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар белгиланди.
Ушбу меъёрларга асосан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонуни билан Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали унга мувофиқлаштирилди.
Солиқ Кодексига киритилган асосий ўзгартириш ва қўшимчалар нималардан иборат?
2021 йил 1 январдан бошлаб:
Солиқ кодексининг умумий қисми бўйича:
1. Эндиликда барча солиқ турлари бўйича солиқ ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланиши қайд этилди.
Бунда, акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикасидан ва уни реализация қилиш, шу жумладан импорт қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги белгиланди (Солиқ кодексининг 72-моддаси).
Аввал: Ўтган йили (2020 йилда) акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қатъий белгиланган суммада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари Давлат бюджети тўғрисидаги Қонуни билан белгиланар эди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларига туристик зоналарда жойлашган алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган ставкаларини белгилаш ёки солиқ тўлашдан озод қилиш ҳуқуқи берилди (Солиқ кодексининг 75-моддаси).
Солиқ кодексининг махсус қисми бўйича:
Барча солиқ турлари бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш
ва тўлашнинг амалдаги тартиби, шунингдек солиқ ставкаси миқдорлари сақлаб қолинди.
Солиқ турлари бўйича қандай ўзгартиришлар киритилди? Буни қуйида кўриб чиқамиз.
Биринчидан, қўшилган қиймат солиғи бўйича:
1. ҚҚС тўловчи корхоналар доирасини кенгайтириш ҳамда ҚҚС занжирининг узилишини олдини олиш мақсадида тушум ҳажмидан қатъи назар:
- алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари;
- бозор ва савдо комплекслари ҚҚС тўловчи корхоналар ҳисобланиши белгиланди.
2. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига 1 миллиард сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даври чорак этиб белгиланди.
3. Шаҳар транспортида ва йўловчи ташиш автомобиль транспортида йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатишда имтиёзларни қўллаш тартибига ўзгартишлар киритилди (бундан такси, шу жумладан йўналишли таксилар мустасно).
Яъни, имтиёз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган тарифлар бўйича, шаҳар транспортида ва йўловчи ташиш автомобиль транспортида кўрсатиладиган хизматларига нисбатан ҳам қўлланилиши белгиланди.
Аввал: Солиқ имтиёзлари фақатгина ягона тарифлар бўйича кўрсатиладиган йўловчи ташиш хизматларига нисбатан қўлланилар эди. Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан белгиланган тарифлар ягона тариф сифатида қаралмас эди.
Иккинчидан, акциз солиғи бўйича:
Юқорида қайд этилганидек акциз солиғи ставкалари Солиқ кодексига киритилиб, 2891-2893-моддаларида акс эттирилди.
Акциз солиғи бўйича яна бир ўзгариш бу - ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинадиган табиий вино (шиша идишдагилардан ташқари) маҳсулотлари акциз солиғининг солиқ солиш объектидан чиқариб ташланди.
Учинчидан, фойда солиғи бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармони билан солиқ тўловчи келгуси чоракнинг биринчи ойи 10-санасига қадар жорий чоракда кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда, бўнак тўловлари суммаси тўғрисида солиқ органларига маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқи берилган эди.
Эндиликда ушбу меъёр Солиқ кодексига ҳам киритилди.
Тўртинчидан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича:
Қатъий белгиланган миқдорлардаги солиқни тўловчилар учун қуйидагилар назарда тутилди:
солиқ ставкалари Кодексда белгиланди. Бунда, 2020 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари сақланиб қолинди;
Якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўлов манбаида солиқ агенти – ЯТТ томонидан солиқ тўловчига даромад тўланганда ҳисоблаб чиқарилиши ва ушлаб қолиниши белгиланди.
Бешинчидан, ижтимоий солиқ бўйича:
Эндиликда, жисмоний шахсларга меҳнат стажи ҳисобланиши учун ижтимоий солиқ йилига камида 1 базавий ҳисоблаш миқдорида солиқ тўланиши қўйидагича амалга оширилади:
а) ихтиёрий тартибда:
- ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар;
- меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан), ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан;
б) мажбурий тартибда:
- “Уста-шогирд” мактаблари ўқувчилари томонидан улар йигирма беш ёшга тўлгунига қадар ишлаган даврида;
- деҳқон хўжаликлари, шунингдек майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ер участкасида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд эллик бошдан кам бўлмаган хонаки парранда парваришлаётган жисмоний шахслар (бунда деҳқон хўжалиги раҳбари солиқни мажбурий тартибда тўлайди, бошқа аъзолари ва кўрсатилган жисмоний шахслар эса ихтиёрий асосда тўлайди).
Ушбу тоифадаги жисмоний шахлар учун солиқ тўлаш муддати ҳисобот йилининг 1 декабригача белгиланади (бунда солиқнинг миқдори тўлов кунига белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади).
Олтинчидан, айланмадан олинадиган солиқ бўйича:
Риэлторлик хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизга пасайтирилди.
Еттинчидан, мол-мулк солиғи бўйича:
Мол-мулк солиғи ставкаси ўзгармаган 2%.
Лекин, умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, консервация қилиниши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган кўчмас мулк объектларига нисбатан пасайтирилган солиқ ставкаси 0,2 дан 0,4 фоизга оширилди.
Жисмоний шахслар учун 2020 йилда амалда бўлган мол-мулк солиғи ставкалари 1,15 бараварига индексация қилинди.
Бунда, 2021 йилда жисмоний шахслар учун ҳисобланган солиқ суммаси, 2020 йилда ҳисобланган солиқ суммасига нисбатан 30 фоиздан кўп оширилиши мумкин эмас.
Туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан туристик зоналарда жойлашган санаторий-курорт объектлари эгаллаган ерлар учун мол-мулк солиғини камайтирилган ставкаларини қўллаш ёки ушбу солиқни тўлашдан озод қилиш ваколати берилди.
Кўп квартирали уйларга бевосита боғлиқ бўлган автомашина турар жойлари жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ объектига киритилди. Бундай объект солиқ базасига нисбатан 0,23 фоиз миқдоридаги солиқ ставкасида солиққа тортилади.
Ушбу меъёр, амалиётда кўп квартирали уйларнинг ер ости қаватида жойлашган автомашина турар жойларига кадастр қиймати белгиланган ҳолда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши сабабли аниқлаштирувчи хусусиятга эга.
Саккизинчидан, ер солиғи бўйича:
1. Мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда деҳқон хўжаликлари учун ер солиғининг базавий ставкаси ва ер участкасининг сифат характеристикаси (балл-бонитети)ни ҳисобга оладиган тузатиш коэффициентларидан келиб чиқиб ҳисоблаш тартиби бекор қилинди.
Ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган солиқ ставкаси бўйича ер солиғини қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматидан келиб чиқиб тўлашга ўтказилмоқда.
2. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкасининг аниқ миқдори қуйидаги тартибда аниқланади:
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилайди;
туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан белгиланган, Тошкент шаҳри бўйича эса Солиқ кодексида белгиланган ер солиғи ставкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, массив, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритади.
Бунда, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари алоҳида ер участкаларига, шунингдек туристик зоналарда жойлашган жисмоний шахслар фойдаланишида бўлган 1 гектардан ортиқ ер участкасига ер солиғини 3 бараваргача миқдорда оширувчи ставкасини белгилаш ҳуқуқига эга.
Туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари 2021 йил учун ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкаларини тақдим этадилар.
Қонунчиликда оширилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали таъсир кўрсатиш чоралари назарда тутилиши мумкин бўлган ва солиқ имтиёзлари татбиқ этилмайдиган объектлар жумласига самарали фойдаланилмаётган, балиқ кўпайтириш (етиштириш) учун мўлжалланган сунъий сув ҳавзаларини киритиш билан ер участкалари рўйхати кенгайтирилмоқда.
Бу ер участкаларига ер солиғи бўйича солиқ имтиёзлари қўлланилмайди.
Тўққизинчидан, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:
1. Солиқ стакалари 15 фоизга, иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари учун эса 30 фоизга индексация қилиниб, улар Солиқ кодексида белгиланди.
Ўнинчидан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:
Ушбу солиқ тури бўйича қуйидаги фойдали қазилмалар учун 5 фоиз миқдорида, бироқ 1 куб. м учун 7 500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда:
қурилиш қумлари, қум-шағал аралашмаси;
қумтошлар, қурилиш майда тошлар (карбонат жинслари);
қурилиш майда тошлар (гранитлар, порфиритлар ва сланец жинслари).
Бошқа ўзгаришлар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-4938-сон қарори билан солиқ қонунчилигига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди.
1. 2021 йил 1 январдан мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий воситаларни ҳар йиллик мажбурий қайта бахолаш бекор қилинмоқда.
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 20 та турдаги товарлар (оқ ва бошқа шакардан ташқари) бўйича божхона божининг ноль даражали ставкасини қўллаш муддати 2021 йилнинг 31 декабригача узайтирилди.
3. “Навоий кон-металлургия комбинати” ДК ва “Олмалиқ
кон-металлургия комбинати” АЖ учун олтин, кумуш, палладий ва мис бўйича солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорда белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, солиқ қонунчилигига киритилган бу каби ўзгартиришлар мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига янада эркинлик бериш ҳамда уни ривожлантириш орқали солиқ тушумларини ошишига хизмат қилади.
ДСҚ Матбуот хизмати