Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига
Ўзбек халқининг улуғ шоири Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги қадимий ва навқирон миллий адабиётимизнинг катта байрамидир. Бу қутлуғ санага тайёргарлик кўриш давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг ўзида ҳам халқимизнинг ҳазрат ижодига бўлган чексиз эҳтироми, муҳаббати мужассам. Дарҳақиқат, ўтган йили айни сана муносабати билан юртбошимизнинг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Ушбу қарорда Алишер Навоийнинг бой меросини ўрганиш, уни тарғиб қилиш, навоийшунослик фани бўйича яратилган илмий-тадқиқотларнинг электрон платформасини яратиш каби кўплаб эзгу ишлар қилиниши белгиланганди.
Навоий доим инсонни комил бўлишини истаган. Кишини нима комил қиладиган бўлса, барчаси Навоий асарларида акс этган.
Яқинда буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодини, унинг бой илмий-адабий меросини ўрганиш, асарларини юртимиз ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш мақсадида “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида” Президент қарори эълон қилинди. Шунингдек, “Навоийдан 100 садаф” мобиль иловаси яратилганлиги, шоир асарларининг янги нашрлари чоп этилгани, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилаётгани халқимизни, хусусан, ёшларни Алишер Навоий ижодига янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
“Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур”, дея барчамизга ибрат ўлароқ Навоий умри мобайнида халқ манфаатлари, эл дарду ташвиши учун жон куйдириб, шунингдек, асарлари орқали одамларни яхшилик қилишга ундаб яшаган. Ўз даврида сиёсат майдонида мардона от сурган, сўз уммонидан чексиз ноёб дуру жавоҳирлар терган ўзбек халқининг донишманд вакили, улуғ фарзанди таваллудининг ҳар санаси биз авлодлар учун катта хурсандчиликдир.
Мутафаккир шоир асарларининг мутолааси кўнгилларни нурафшон айлаб, бизни қалбан ҳазрат сиймосига тобора яқинлаштираверади. Чунки, Алишер Навоий миллий маънавиятимиз, адабиётимиз осмонида беминнат зиё таратиб тургувчи қуёшдир.
Таъкидлаш жоизки, давлат солиқ хизмати органларидаги кутубхоналарда ҳам Навоийнинг кўплаб дурдона асарлари билан танишиш мумкин. Тизим ходимлари маънавий-маърифий соатларда улуғ бобокалонларимизнинг асарларини ўқиб, маънавий озуқа оладилар.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро ДСИ
давлат солиқ бош инспектори