Жамики ислом уммати қатори меҳр-мурувват, эзгулик ва саховат рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайитини жонажон Ватанимизда тинч-тотувликда, шоду хуррамлик билан нишонлаяпмиз.
Юртдошларимиз диллари қувончга тўлиб, барчамизни Қурбон ҳайитига тинч-омон етказгани учун Яратганга шукроналар айтмоқда.
Ҳар бир маҳалла, қишлоқ ва овуллардаги ободлик, инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Қурбон ҳайити сингари азалий байрам ва қадриятларимиз муҳим ўринга эга.
Ушбу муқаддас байрам муносабати билан ёлғиз кексалар, нуронийлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар улашилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, айни кунларда муборак Ҳаж амалларини адо этаётган юртдошларимизнинг эл-юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, оилаларимиз ва фарзандларимизнинг бахту иқболини тилаб қилаётган дуолари ижобат бўлишини Яратгандан сўраб қоламан. Қилинган ибодатлар, барча пок ниятлар Аллоҳ даргоҳида қабул бўлсин!
Мана шу мунаввар лаҳзаларда мусулмон аҳлига яна бир бор самимий табрикларимни йўллаб, Ер юзидаги барча мамлакатлар ва халқларга тинчлик ва омонлик тилайман.
Муқаддас Ийд ал-Адҳа юртимизга қут-барака, хонадонларимизга эзгулик, оилаларимизга чинакам бахт олиб келсин!
Шерзод Кудбиев,
Солиқ қўмитаси Раиси