Давлат солиқ қўмитаси хуфиёна иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган тадбирлар солиқ тушумларини камайишига олиб келаётганлиги тўғрисида айрим оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган солиқ маслаҳатчиларининг хулосалари асоссиз ва ноўрин эканлигини маълум қилади.
Қайд этиш лозимки, амалга оширилаётган янги солиқ концепцияси доирасидаги ислоҳотлар ўтган давр мобайнида ўзининг иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама асосланган ва энг асосийси, солиқ тўловчилар учун қулай ва молиявий жиҳатдан манфаатли эканлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, товар айланмасидан 3,2 фоиз миқдорда олинадиган ажратмалардан воз кечилди, мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирилди ва ягона ижтимоий тўлов ставкалари 25 фоиздан 12 фоизга туширилди. Бунинг ҳисобига ислоҳотларнинг дастлабки даври – 2019 йилда тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 12 триллион сўмдан ортиқ айланма маблағлари қолди.
Ўтган 2020 йилда эса солиқ тўловчиларга 9 триллион сўм қўшилган қиймат солиғи қоплаб берилди.
Коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган тадбирлар доирасида тадбиркорлик субъектларига 2020 йилда 7 триллион сўмдан ортиқ солиқ имтиёзлари ва енгилликлар берилди.
Тенг рақобат шароитини яратиш орқали тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар натижаси билан охирги 4 йилда уларнинг сони 2 маротабага ошди.
Иқтисодиётда яратилган қўшилган қийматни тўлиқ солиққа тортиш бўйича кўрилган чоралар натижасида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчилари сони 128 мингдан ошиб, солиқ ислоҳотлари бошига нисбатан 18 бараварга кўпайди. Уларнинг барчаси Электрон ҳисобварақ-фактураларини юритишга ўтказилди.
Ушбу жараённинг узвий давоми сифатида 131 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига онлайн назорат-касса машиналари ўрнатилди.
Олинган ахборотлардан самарали фойдаланиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар натижасида пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирига қарамасдан 2020 йилда бюджетга 103,6 триллион сўм солиқ тушумлари таъминланиб, 2019 йилга нисбатан 124,4 фоиз ўсишга эришилди.
Ушбу ўсиш бугунги кунда ҳам давом этиб, йил бошидан 17 март ҳолатига бюджетга 23,6 триллион сўм солиқлар йиғилиб, ўтган йилнинг (пандемия таъсири бошланмаган) мос даврига нисбатан 126 фоизга ўсган.
Иқтисодиётнинг барометри ҳисобланган фойда солиғидан тушумлар 134 фоизга ва айланмадан олинадиган солиқ 122 фоизга ўсган.
Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг кенг жорий этилиши натижасида ҚҚС ўтган 2 ойда 137 триллион сўмлик товар айланмаси солиқ базасига киритилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бараварга ошди. Бу ўз навбатида ҚҚС бюджетга тушумларни 136 фоизга ўсишига олиб келди.
Солиқ маъмурчилигининг яхшиланиши ҳисобига рўйхатга олинган объектлар сони ошиши, сув солиғи тушумлари 2,3 баравар ва мол-мулк, ер солиқлари тушуми эса 1,6 баравар ўсишига сабаб бўлди.
Энг муҳими, Янги Солиқ кодексининг амалиётга кенг жорий этиш ва солиқ органларини хизмат кўрсатувчи органга айлантириш бўйича трансформация қилиш натижаси билан тўлов интизомининг мустаҳкамланиши ҳисобига давлат бюджетига солиқ тушумларининг 95 фоизи ихтиёрий равишда тўланди.
Давлат солиқ қўмитаси соғлом рақобат ва адолатли солиқ тизимини жорий этишга қаратилган хуфиёна иқтисодиётга қарши кескин курашишни давом эттирилиши ва тарқатилаётган ахборотларнинг асосли ва ишончли бўлиши учун очиқ, шаффоф мулоқотга тайёр эканлигини маълум қилади.