Солиқ ҳақида қизиқарли маълумотлар
Давлат бюджетининг даромад қисми юридик ва жисмоний шахслар томонидан йил давомида тўлаб бориладиган солиқлар ҳисобидан шаклланади.
Солиқ кодексининг 17-моддасида республика бюджетига тушадиган ва мамлакат бюджети даромадларини шакллантирадиган солиқ турлари белгиланган. Олиб борилган таҳлилларга кўра, давлат бюджетининг солиқлардан шаклланадиган катта қисмини бевосита солиқлар – фойда солиғи (26,7%) ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи (14,8%), айланмадан олинадиган солиқ (1,3%) ташкил этади. Шунингдек, ресурс тўловлари ҳам бевосита солиқ ҳисобланиб, улар бюджетнинг муҳим қисмидир – ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (15,9%), ер солиғи (2,3%), мол-мулк солиғи (1,9%), сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (0,3%). Билвосита солиқлар – қўшилган қиймат солиғи (18,9%), акциз солиғининг (11,0%) ҳам бюджетдаги улуши салмоқли. (диаграммага эътибор беринг!)
Кўпгина ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, фуқароларга ижтимоий кўмак бериш, таълим ва маданият муассасалари учун зарур шарт-шароитларни яратиш, транспорт ва уй-жой коммунал хизматларининг узлуксиз ишлаши солиқ тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилишига боғлиқ.
Солиқларни ўз вақтида тўлаш – ҳаётимиз фаровонлиги гаровидир!
ДСҚ Матбуот хизмати