Бу борада барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳоли қатлами номма-ном аниқланиб, шакллантирилган рўйхатлар асосида уларга манзилли кўмаклар берилмоқда.
- Бугунги кунда давлат солиқ хизмати органи ходимлари солиқ тўловчига кўмакчи деган янги иш принципи асосида иш бошлади, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров. – Биз бу борада кам таъминланган оила аъзоларини тадбиркорликни йўлга қўйиш ва уларни тадбиркорлик субъектларида ишчи сифатида иш бошлаб даромад манбаига эга қилиш мақсадида кўприк вазифасини бажараяпмиз. Бу ишларни бажариш учун биринчи навбатда давлат солиқ органида штаб ташкил қилинди. Штабда вилоят давлат солиқ хизмати органларида илгари битта котиб ўша вазифани бажариб келган бўлса, эндиликда ҳар бир давлат солиқ инспекциясидан 1 нафардан 5 нафаргача жами 54 нафар ходим бириктирилди. Ҳисоб-китоб қилиб кўрсак, биз секторимиз ҳудудидаги жами 6192 нафар ишсиз фуқароларни иш билан таъминлашимиз керак экан. Қисқа давр ичида ушбу ишсиз фуқароларнинг 1340 нафарини ишга жойлаштиришга эришдик. Бундан 457 нафари доимий иш билан таъминланган бўлса, 800 дан ортиғи мавсумий ишга жойлаштирилиб, уларнинг даромад топиш манбаи яратилди. Олдимизга қўйган вазифаларимиздан яна бири - камбағал оилаларнинг фарзандларини ўқитишга, касб-ҳунар эгаллашига ҳам эътиборни кучайтираяпмиз.
Когон туманидаги “Ҳукуматобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 579 та хонадонларда 645 та оила бор. Ушбу оилаларда 2845 нафар аҳоли истиқомат қилади. Пандемия даврида хонадонма-хонадон юриб олиб борилган инвентаризация ишлари натижасида бу ердаги 58 та хонадон аъзолари камбағаллар рўйхатига киритилган.
4-сектор ишчи гуруҳи ушбу оила вакиллари, хусусан кам таъминланган, камбағал, ёш оилалар, чет элдан қайтиб келган меҳнат мигрантлари ва иш билан банд бўлмаган фуқаролар бандлигини таъминлаш ҳамда томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш орқали уларнинг даромад манбаларига эга бўлишларига яқиндан ёрдам бермоқда.
Мазкур қишлоқда яшовчи Дилфуза Ғаффорова тақдирнинг кўп қийинчиликларини енгиб келаётган аёллардан. Унинг 4 нафар фарзанди бор. Тақдир тақозоси билан икки нафар ўғли туғма ногирон. Икки нафар қизи эса ҳали ёш. Аксига олиб, фарзандларидан ортиб, ҳеч қаерда ишлай олмайди. Бахтига кекса онаси у билан истиқомат қилади. Шунинг учун шу пайтгача оила, рўзғор ташвишлари Зулфия момо Ҳайдарованинг пенсия пули билан амаллаб тортиб келинаётган эди.
Вилоят 4-сектор раҳбари ушбу оиланинг аҳволини ўргангач, савобталаб ҳомийлар кўмаги билан ушбу хонадонга зудлик билан ҳам моддий ҳам маънавий кўмак беришга киришди. Бунинг учун биринчи галда рўзғорга ёрдам сифатида соғин сигир ва Дилфуза Ғаффоровага тикув машинаси олиб берилди. Айни пайтда, Дилфуза опа ва унинг фарзандлари бундан бениҳоя хурсанд.
- 4-сектор раҳбарининг ўзи уйимизга кириб келиб ҳолатимизни ўрганганидан кейин ҳаётим тубдан ўзгариб кетди, - дейди Дилфуза Ғаффорова. – Соғин сигир оиламизга барака олиб кирган бўлса, тикув машинаси билан қўни-қўшниларим ва қишлоғимиздаги аёллар учун кўйлаклар тикиб бериб, кунига 45-50 минг сўмгача даромад топяпман.
Дилфуза Ғаффорованинг тўнғич фарзанди Ёрқинжон Наимов жорий ўқув йилида Бухоро давлат университетининг мусиқий таълим йўналиши бўйича 1-курсни тамомлаяпти. Буни қарангки, ушбу йўналишда унинг яхшигина истеъдоди ҳам бор экан. Сектор раҳбари ушбу оила билан суҳбатда улар доимий эътиборда эканликларини билдириб, Ёрқинжон Наимовнинг талабига кўра унга керакли мусиқа асбоби ва кўзи ожизлар учун махсус қўл телефон совға қилди.
Шу ерлик Хурсанд опа Саидова ҳам тақдир тақозоси билан боқувчисини йўқотганидан кейин анча қийналиб қолган эди. Бахтига ўғли ва келини қўлидан келганча оилага даромад келтиришга ҳаракат қилиб келаётган эди. Тайёр томорқадан фойдаланиш учун эса Хурсанд опада етарли маблағ ҳам йўқ. Шунинг учун зудлик билан ушбу оилага 1 сотихли иссиқхона қуришда кўмаклашилди. Айни пайтда оила аъзолари ушбу иссиқхонада бодринг маҳсулотини етиштириш ишларини бошлаб юборишган.
Хурсанд опа Саидованинг иккинчи келини Шахзода Шукурова кўп йиллардан буён шу ҳудуддаги “Расулов Рўзиқул” фермер хўжалигида норасмий ёлланма ишчи сифатида бор йўғи 300-400 минг сўм ҳақ эвазига ишлаб келаётган эди. Сектор раҳбарининг аралашуви билан ушбу фуқаронинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари тикланди. Эндиликда Шахзода Шукурова ушбу фермер хўжалигининг расмий ишчисига айланди ва унга 1 миллион сўмдан кам бўлмаган маош тайинланди. Қувонарлиси, фермер Рўзиқул Расулов ушбу ишчисига бир бош соғин сигир ҳам ҳадя қилди. Бу билан яна бир оиланинг оғири енгил қилинди десак муболаға бўлмайди.
Ушбу қишлоқда истиқомат қилиб келаётган Дилфуза Ғуломова боқувчисини йўқотганидан кейин 2 нафар фарзанди билан укасининг уйига кўчиб келишга мажбур бўлган. Боз устига укаси пандемия сабабли ишсиз бўлиб қолганлиги учун ушбу оила даромад манбаидан узилиб қолган. Сектор ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида ушбу оилага яқиндан кўмак берилиб, 1 сотихли иссиқхона қуриб берилди ва оила аъзоларининг 2 нафари доимий иш билан бандлиги таъминланди. Жумладан Дилфуза Ғуломованинг укаси Мурод Ғуломов ғишт ишлаб чиқариш цехига ҳамда унинг қизи Азизабону Жўраева нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасига доимий ишга жойлаштирилди.
Таъкидланганидек, 4-сектор раҳбари томонидан пандемия даврида хонадонма хонадон юриб олиб борилган инвентаризация ишлари натижасида ҳозирда ушбу қишлоқдаги 2 нафар оилага ҳомийлар ёрдамида ҳамда 2 нафар оилага имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига чорва моллари олиб берилди. 5 та оилага вояга етмаган фарзандлари учун моддий ёрдам пули ажратилди. 6 та хонадонга иссиқхона қуриб берилиб, 6 та оилага буғдойдан бўшаган ерларга кунгабоқар ўсимлигини етиштириб олиш учун ер ажратиб берилди. 12 та оила вакиллари эса жамоатчилик ишларига жойлаштирилди.
Бухоро вилояти ДСБ
Матбуот хизмати.