Ўзбекистонда муддати узайтирилган карантин ва қатъий чеклов чоралари шароитида маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш давом этмоқда.
Солиқ тўловчи ҳисоби давлат бюджети маблағларидан тўлдириляпти – Давлат солиқ қўмитаси қўшилган қиймат солиғини қайтаришни амалга оширмоқда.
Ушбу жараён товарлар экспортига солиқ ноль ставкасини қўллаган корхоналарга мўлжалланган.
ҚҚСни қайтариш учун ҳужжатларни масофадан туриб топшириш мумкин. Бунда электрон шаклдаги аризалар солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тўғридан-тўғри Давлат солиқ қўмитасига юборилади.
Келиб тушган аризалар ДСҚ кенгайтирилган ишчи гуруҳи томонидан уч иш куни давомида кўриб чиқилади. Аризачиларнинг солиқ ҳисоботида номувофиқликлар аниқланса, уларга тузатиш тўғрисида тушунтиришлар билан қайта топшириш имконияти берилади.
15 мартдан 20 апрелгача Молия вазирлиги Ғазначилигига ДСҚ томонидан товарларни экспорт қилишда ноль ставкасини қўллаш натижасида ҳосил бўлган ҚҚСни қайтариш учун 188 та аризалар бўйича хулосалар юборилди.
Ушбу хулосалар Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Фарғона, Сурхондарё, Aндижон, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри экспортерлари учун чиқарилган. Қайтарилган ҚҚС суммаларнинг умумий миқдори 358,3 млрд. сўмга етди.
Ушбу маблағларни олган тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини давом эттирмоқда, хом ашё сотиб олмоқда, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб ходимларига иш ҳақи бермоқда.
Улар орасида “Quva tekstil” МЧЖ ҚК (6,0 млрд. сўм), “Andijon kabel” АЖ ҚК (6,6 млрд. сўм), “Kanteks invest” МЧЖ (1,4 млрд. сўм), “Osborn textile” МЧЖ (1,6 млрд. сўм), “Jizzakh textile” МЧЖ ХК (2,4 млрд. сўм), “Mili Guliston Textile” МЧЖ ҚК (751 млн. сўм), “Metal Processing Technology” МЧЖ (2,5 млрд. сўм) ва бошқалар бор.
ҚҚСни қайтариб олган экспорт қилувчилар рўйхати ҳар куни янгиланмоқда.
ДСҚ Матбуот хизмати