Давлат солиқ қўмитаси томонидан Тошкент шаҳри истеъмолчилари орасида Онлайн НКМ ёки виртуал касса чеклари иштирокидаги ютуқли чек ўйинлари ўтказилиши эълон қилиниши аҳоли томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Мазкур ютуқли ўйинларда онлайн назорат-касса ёки виртуал касса чекини олган ҳар бир шахс иштирок этиши мумкин. ДСҚ расмий саҳифалари орқали ютуқли чек ўйинлари ва унда иштирок этиш ҳақида батафсил маълумотларни эълон қилиб бормоқда.
Афсуски, бугунги кунда онлайн-НКМни “хўжакўрсинга” ўрнатиб, улардан фойдаланмай келаётганлар ҳам учрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, онлайн-НКМ ёки виртуал касса ўрнатилган савдо шохобчасида тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки берилиши шарт.
Ҳозирда 29,6 мингта субъектларда ўрнатилган онлайн-НКМ (виртуал касса) рўйхатга олинган.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида ўрнатилган онлайн НКМларнинг деярли 46% тадбиркорлик субъектлари томонидан қўлланилмаётгани маълум бўлди.
Табиийки, бу харидорларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида ютуқли чек ўйинлари ўтказилиши эълон қилингач, мурожаатлар кескин кўпаймоқда.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, солиқ органлари томонидан бундай тадбиркорлик субъектларига нисбатан профилактик тадбирлар ўтказилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ДСҚ янги тизимдан фойдаланишда ортиқча саволларга ўрин қолдирмаслик мақсадида онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчилари билан смарт кассалардан фойдаланиш бўйича ўқув-машғулотларини ташкил этиш борасида ўзаро келишувга эришган. Бундан ташқари, ҳар бир ишлаб чиқарувчининг техник хизмат кўрсатиш маркази орқали смарт қурилма ва ундан фойдаланиш бўйича тушунчалар олиш мумкин.
ДСҚ расмий сайти – soliq.uz да смарт кассалар ва уларга техник хизмат кўрсатиш марказлари (ТХКМ) ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд.
Эслатма! Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига асосан:
Назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик – беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳурматли истеъмолчилар, агар Сиз харидни амалга оширганингизда сотувчи чек беришни рад этса, у ҳолда Давлат солиқ қўмитасининг “ишонч телефони” – 71-244-98-98 га мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қилинг!
ДСҚ Матбуот хизмати