Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813-сонли Фармонида онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассалар тизимини татбиқ этиш жадвали тасдиқданган. Унга кўра йил бошидан буён тадбиркорлик субъектларига ўрнатилган 36,6 мингга яқин онлайн назорат техникаси рўйхатга олинган.
Назорат касса техникаларининг янги авлоди сотувчи ва харидорлар ўртасидаги муносабатларда ҳам ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Чунки унда савдо-сотиқ жараёнидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар аниқ ва қатъий белгиланган: мижоз харид учун чек талаб қилишга ҳақли, сотувчи эса уни тақдим этишга мажбур.
Айнан мана шу ҳуқуқ-мажбурият ҳар икки томоннинг манфаатлари тарозисини мувозанатлаштиришга хизмат қилмоқда.
Эътибор беринг, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказига бугунги кунгача 22 660 та смарт кассаларда 14 млн. дан ортиқ чек чоп этилгани тўғрисида маълумотлар келиб тушди. Бу, содда қилиб айтганда, сотувчи ва харидор ўз ҳуқуқ-мажбуриятларини шунча маротаба тўғри бажарди дегани.
2022 йил 1 январга қадар бу борада катта тажриба орттиришимизга сабаб ва асослар етарли. Негаки, мана шу муддатга қадар барча тадбиркорлик субъектлари босқичма-босқич онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга тўлиқ ўтади.
Хусусан, жорий йил 1 январдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчилар ушбу тизимни қўллаётган бўлса, 1 августгача ўтган йил якунлари бўйича йиллик тушуми 5 млрд. сўмдан ошган тадбирокрлик субъектлари уларнинг сафидан жой олди. Шунинг эвазига тизим фойдаланувчилари сони яна ўсди.
Ушбу рақамларга мос равишда Давлат реестрига киритилган онлайн НКМ, виртуал касса ва Техник хизмат кўрсатиш марказлари (ТХКМ) сони ҳам ортиб бормоқда. Биргина июль ойи аввалида беш турдаги онлайн назорат касса машиналари қаторига яна учта – “Cashbox”, “Uzkass-185”, “Fiskalbox” сингари янги моделлар қўшилди. Виртуал кассалар сонида ҳам ўсиш юз берди: “Set Retail-10”, “Artix”нинг Давлат реестрига киритилиши билан уларнинг сони 6 тадан 8 та етди. “Soft Business Group” МЧЖ ўн биринчи, “Darvoza Savdo” МЧЖ эса ўн иккинчи бўлиб ТХКМлар реестридан ўрин эгаллади. Булар ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг soliq.uz (https://soliq.uz/) ҳамда “Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг ofd.uz (https://ofd.uz/uz) расмий саҳифаларида янада тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин.
Эндиликда истеъмолчилар онлайн НКМ ёки виртуал кассалар чоп этувчи чеклардан ҳам алоҳида манфаатдор. Агар бундай чекнинг QR коди “SOLIQ” мобил иловасида сканер қилинса ёки ундаги 12 сондан иборат фискал белги 1077 қисқа рақамига SMS тарзида юборилса, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этиладиган ютуқли чек ўйинида иштирок этади. Пировардида чек ўз эгасига қимматбаҳо буюмлардан тортиб, автомобилгача ҳадя этиши мумкин.
Ютуқли ўйинлар фақат Тошкент шаҳри истеъмолчилари ўртасида ўтказилмоқда, аммо бу вақтинчалик тажриба холос. Келгусида исталган ҳудуддаги истеъмолчига ўз харид чеки мукофот бўлиб қайтиши учун тенг шароит ва зарур имконият яратилиши режалаштирилган.
Ҳозирда пойтахтимизда онлайн НКМ ва виртуал кассалар билан жиҳозланган савдо нуқталарининг сони 6 мингтага яқинлашди. Улар айнан қайси манзилда жойлашганини “SOLIQ” мобил иловасининг харита бўйича қидирув (геолокация) функцияси орқали тез ва осон аниқлаш мумкин.
Шу ўринда харидор ва сотувчиларга эслатма: агар онлайн НКМ ва виртуал кассалар ўрнатилган савдо нуқталарида чек бериш рад этилса, истеъмолчи солиқ органларининг "Ишонч телефони" – (71) 244-98-98 га мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ, назорат-касса техникасини ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузиш 5 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.
Чекни талаб қилиш қандайдир мукофот учун, уни тақдим этиш эса жазодан халос бўлиш учунгина одат бўлмаслиги керак. Аслида бу ўз ҳақ-ҳуқуқларимиз ва мажбуриятларимизни билиш, уларни ўз вақтида адо этиш маданиятига айланиши билан муҳим.
Жўрабек Рўзибоев,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси.