Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ундирилган давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги “Солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 736-сон қарори билан “Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ундирилган давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Мазкур Низом билан амалиётга жорий этилаётган янги тартиб ва ўзгаришлар ҳақида Давлат солиқ қўмитаси Бюджет даромадларини прогнозлаштириш Департаменти директорининг ўринбосари Рамшид Хўжақулов тушунтириш берди.
Низомда қандай ўзгаришлар назарда тутилган?
Энг аввало, мазкур Низом орқали давлат божи ва бошқа йиғимларни ундирувчи давлат органлари ва ташкилотларининг масъулияти янада оширилди.
Биринчидан, Низомда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ундирилган давлат божи ва бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш, яъни бюджетга ўтказиб беришнинг ягона тартиби белгиланди;
Энди барча давлат органлари ва ташкилотлари давлат божи ва бошқа йиғимларни ҳисоблаб чиқиш, ундириш ва бюджетга ўтказиб бериш бўйича бир хил тартибда иш олиб боради.
Иккинчидан, ундирилган давлат божи ва бошқа йиғимлар бўйича давлат органлари ва ташкилотлари томонидан солиқ органларига ҳисобот топшириш тартиби ҳамда муддатлари аниқ белгиланди;
Бунга кўра, давлат божи ва бошқа йиғимларни ундирувчи ваколатли органлар томонидан ўзи жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмасдан ундирилган давлат божи ва бошқа йиғимлари бўйича ҳисобот тақдим этиб борадилар.
Учинчидан, давлат органлари ва ташкилотларига давлат божи ва бошқа йиғимларни тўғри ҳисобланишини, тўлиқ ундириб олинишини ҳамда ўз вақтида бюджетга ўтказиб берилишини таъминлашлари ва ундирилган маблағларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ва ваколатли органларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига ўз вақтида ўтказилиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси юкланди;
Тўртинчидан, давлат божи ва бошқа йиғимлар бўйича тушумлар ҳисоб-китобини электрон шаклдаги китоб орқали юритиш ҳамда ушбу китобни босқичма-босқич биллинг тизимига ўтказиш вазифалари белгиланди.
Бугунги кунда ушбу тизим йўлга қўйилган бўлиб, давлат божи ва бошқа йиғимлар тўғрисидаги ҳисоб-китоблар бир вақтнинг ўзида электрон шаклдаги китобда ва биллинг тизими орқали юритилмоқда.
Шу ўринда, бир нарсани айтиб ўтиш лозим. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан чет элда ундириладиган консуллик йиғимларига, божхона органлари томонидан хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун ундириладиган йиғимларга татбиқ этилмайди.
ДСҚ Матбуот хизмати