Давлат реестрига иккита онлайн назорат касса машинаси ва виртуал касса дастурий маҳсулотлари киритилди.
Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 29 сентябрдаги “Фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3300-сонли қарорида аҳоли билан нақд пулда амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн режимида узатиб бориш функциясига эга бўлган назорат-касса машиналарининг (онлайн-НКМ) замонавий моделларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 февралдаги “Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналарини қўллаш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2019 йил 1 мартдан 1 июлгача Тошкент шаҳрида онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланиш бўйича синов лойиҳаси амалга оширилди.
2019 йилнинг 23 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 943-сонли қарорига асосан, онлайн-НКМни жорий қилиш ишлари янада жадаллашди.
Онлайн-НКМ ва виртуал касса машиналарининг Давлат реестри Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг https://soliq.uz расмий сайтида мавжуд.
Дастлаб унга учта онлайн-НКМ киритилди:
- Онлайн-ККМ: PAXA-930 - “ARCAGROUP” МЧЖ;
- UZ SMART BANK - “SMART ONE CLUB” МЧЖ;
- UZKASSA N5 - “MY AIR GROUP IT SERVICE” МЧЖ.
Шунингдек, “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Виртуал касса” ва “BAR CODE TEXNOLOGIES” МЧЖ томонидан тақдим этилган “Штрих-М: КассирV.5.0” виртуал касса дастурий маҳсулотлари ҳам Давлат реестридан жой олган.
ДСҚ раҳбариятининг ушбу қурилмаларни ишлаб чиқарувчи ташкилотлар мутасаддилари билан учрашувида корхоналарни онлайн-НКМ ва виртуал касса машиналари билан тўлиқ жиҳозлаш, шунингдек, қурилмаларни ДСҚ базасига улаш билан боғлиқ техник масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, ДСҚ бошқа онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчиларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борди. Бу борада ўтказилган очиқ мулоқот тарздаги учрашувда республикада фаолият олиб бораётган 10 га яқин онлайн-НКМ ва виртуал касса ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Давлат реестрига кириш учун ариза берган онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчиларининг Сертификат олишини тезлаштириш мақсадида ДСҚ раҳбарияти томонидан "Киберхавфсизлик маркази" ДУК вакиллари билан музокаралар олиб борилди. Онлайн-НКМларни жорий этиш бўйича муаммоли масалаларни хал этиш бўйича ДСҚ томонидан кўрсатилган ёрдам 2 та онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчиларининг Давлат реестрига киритилишига хизмат қилди.
Булар:
- “Фотон” АЖ томонидан ишлаб чиқилган “Орион-100 Ф Уз” (версияси-5.0.) онлайн-назорат касса машинаси;
- “E-POS Systems” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган “E-POS” (версияси-1.0.0) виртуал касса дастурий маҳсулоти.
Ҳозирда мазкур реестрга янги онлайн назорат-касса техникалари ишлаб чиқарувчиларини киритиш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда нақд пул тушумига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар онлайн-НКМ ёки виртуал кассалардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиши бўйича график тасдиқланган. Унга кўра:
-алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари – 2020 йил 1 январдан;
- ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари – 2020 йил 1 августдан;
- ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) юз миллион сўмдан ошган ёки йил давомида ушбу чегаравий миқдорга етган тадбиркорлик субъектлари – 2021 йил 1 январдан;
- қолган барча тадбиркорлик субъектлари – 2022 йил 1 январдан онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтади.
ДСҚ Матбуот хизмати.