Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев бугун, 24 май куни «Беш ташаббус ҳаракати» фестивали доирасида ташаббускор ёшлар билан учрашди.
Унда ДСҚ раиси келажагини солиқ соҳасида кўраётган ёшларга солиқ тизимига ишга қабул қилиш ва тизимда ёш кадрларга яратилган имкониятлар ҳақида батафсил тушунчалар берди.
Учрашувда солиқ органлари тизимига ишга қабул қилишнинг янги тизми – vacancy.argos.uz орқали саралаб олинган ёш кадрлар таассуротлари билан ўртоқлашди. Улар тенгдошларига солиқ тизимига кадрларни ишга олиш шаффофлик ва адолатлилик тамойили асосида амалга оширилиши, хатто республикамизнинг чекка ҳудудидан туриб онлайн равишда марказий идорага ишга кириш мукинлигини таъкидлади.
Шунингдек қўмита раиси ёшларга тадбиркорлик билан шуғулланишни ўз ҳаётий тажрибаси мисолида тушунтириб берди. Иқтисод фанлари номзоди бўлишига қарамай, қандолат маҳсулотларини тайёрлаб, сотиш билан шуғулланганини ва ҳалол бизнес орқали даромад олиш сирларини ёшларга ўргатди. Солиқ хизмати органлари тадбиркорлик фаолиятини бошлашда ёшларга амалий ёрдам беришга доим тайёр эканлигини таъкидлади.
Жараёнда 5 нафар ташаббускор ёшларга фаолиятини бошлашда амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, лимон етиштириш истагида бўлган Маматмуродова Фаридага 245 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам берилди. Яна бир бўлажак ёш тадбиркор Камалова Муборакка қандолат маҳсулотлари тайёрлаш учун планетар миксер ва микротўлқинли печь тақдим этилди.
Ўз навбатида, давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлар сафининг ортишидан манфаатдор эканлиги, юқори натижаларга эришаётган ёш тадбиркорларнинг давлат ва жамиятга фойдаси ҳақида тўхталди. Қонунга итоаткор, инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириб бориш лозимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг қонуний фаолият юритиб, юқори натижаларга эришаётган, янги иш ўринлари яратиб, солиқ ва бошқа мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келаётган 5 нафар ёш тадбиркорга Давлат солиқ қўмитаси раисининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Интерактив руҳда ўтган учрашув ташқарида ҳам давом этди. ДСҚ раиси ОАВ вакиллари ва ташаббускор ёшларнинг саволларига жавоб берди.
Учрашувнинг қизиқарли жараёнлари фоторепортажда