Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов томонидан Ўзбекистон Миллий университетининг Математика факультети ва Тошкент ахборот технологиялари университети талабалари учун маҳорат дарслари ўтказилди.
А.Азизов Давлат солиқ қўмитасига “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали таклиф этилган истеъдодли ватандошларимиздан биридир. У иштирокида ташкил этилган маҳорат дарслари таҳсил олаётган талабаларга янги билимларни ўрганиш, хорижда катта тажриба тўплаб қайтган мутахассиснинг муваффақият сирларидан баҳраманд бўлиш ҳамда ёшларда эртанги кунга бўлган ишончларини яна бир карра оширишда яхши имконият бўлди.
Маҳорат дарслари давомида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари талабалар билан ўз фаолиятида эришган ютуқлари, хорижий давлатларда тўплаган тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ҳам иқтисодчи, ҳам IT-дастурчи
А.Азизовнинг таъкидлашича, ҳам иқтисодчи, ҳам IT-дастурчи бўлганлиги унинг меҳнат фаолиятида юқори чўққиларни забт этишига замин бўлган.
2006 йилдан бугунги кунга қадар Данияда “Maersk A/S”, “DONG Energy A/S”, “Carlsberg A/S”, “Implement consulting group”, “Vestas A/S”, “Danfoss” йирик халқаро компанияларда IT-маслаҳатчиси,
IT-ечимларни жорий қилиш лойиҳаси раҳбари, бизнес лойиҳасида ишлаб чиқариш ва стратегияларни жорий қилиш бўйича менежер маслаҳатчиси, бошқарма бошлиғи каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритиб келган.
ДСҚдаги фаолиятининг устувор йўналишлари
Давлат солиқ қўмитасида фаолият бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, ушбу қисқа даврда Россия Федерал солиқ хизмати, Бирлашган Араб Амирлиги, Жанубий Корея, Хитой, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки экспертлари билан солиқ органларида замонавий АКТни жорий этиш ҳамда бу соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича келишувлар имзоланишига эришилди.
Учрашувда талабалар билан солиқ хизмати органларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг янги босқичи юзасидан фикр алмашилди. Солиқ органларида АКТ инфратузилмасини янгилаш, ходимлар малакасини ошириш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.
Ҳозирда Давлат солиқ қўмитасида Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизациялаш, тармоқ тезлигини ошириш, компьютер паркини янгилаш, тизимли дастурий таъминотларни кенгайтириш хитойлик ҳамкорлар билан солиқ хизмати органлари учун “Golden tax” каби замонавий талабларга жавоб бера оладиган ягона ахборот платформасини жорий этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, солиқ тўловчилар учун қулай бўлган автоматлаштирилган хизматлар сонини кўпайтириш, электрон ҳисобварақ-фактура ва онлайн назорат касса машиналарини республикамиз бўйлаб кенг жорий қилиш, солиқ хизмати ходимлари фаолиятини енгиллаштирувчи ва замонавий бизнес таҳлилларни амалга ошириш имконини берувчи BI – Business Intellegence тизимидан фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари кадрлар сиёсатига ҳам алоҳида тўхталиб, солиқ тизимида истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратилишини таъкидлаб ўтди.
“Солиқ соҳасида фаолият юритиш истагидаги талабаларни ўз сафимизда кўришдан мамнунмиз ва шу боис иқтидорли талабаларни ишга таклиф қиламиз”, деди А.Азизов.
Интерактив тарзда ўтган учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.
ДСҚ Матбуот хизмати