Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Мурожаатида аҳолининг барча қатламларини коррупцияга қарши курашга жалб қилиш зарурлиги, бунда энг яхши мутахассислар иштирок этиши ва халқаро тажрибани ўрганиш зарурлиги қайд этилди.
Жумладан, “Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.
2020 йил 11 февраль куни коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш бўйича ўтказилган йиғилишда мамлакатимиз Президенти муҳим вазифа қўйди.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, жорий йил сўнгига қадар хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими яратилади ва бунинг учун барча ташкилий-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади.
Tаъкидлаш жоизки, Ўзбекистон бундай декларация тизимини жорий этаётган биринчи давлат эмас. Ҳозирда ДСҚ мазкур коррупцияга қарши курашиш меъёрларини MДҲ мамлакатларида амалга ошириш тажрибасини ўрганмоқда
Декларация Қозоғистонда қандай ташкил этилмоқда?
Қозоғистонда универсал декларацияни жорий этиш муддати 2020 йил 1 январдан 2021 йил 1 январга қолдирилди. Декларацияга тизимига ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади.
Хусусан, декларация тизимини жорий этишни тўрт босқичда амалга ошириш назарда тутилган.
Биринчи босқич – 2021 йил 1 январдан декларация универсал декларация доирасида тақдим этилади:
– Давлат хизматининг мутасадди лавозимидаги шахслар ва уларнинг турмуш ўртоғи;
– Давлат вазифаларини бажаришга ваколатли шахслар ва уларнинг турмуш ўртоғи;
– Давлат вазифаларини бажаришга ваколатли шахслар ва уларнинг турмуш ўртоқлари билан тенглаштирилган шахслар;
– “Қозоғистон Республикасидаги сайловлар тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси Конституциявий қонуни, ва “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги, “Қозоғистон Республикасидаги банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ. декларацияни топшириш мажбурияти юкланган шахслар декларация топширади.
Иккинчи босқич – 2023 йил 1 январдан бошлаб, давлат муассасалари ҳамда жамоат сектори ходимлари ва уларнинг турмуш ўртоқлари учун декларация топшириш тизими жорий этилади.
Учинчи босқич – 2024 йил 1 январдан юридик шахслар раҳбарлари ҳамда таъсисчилари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг турмуш ўртоқлари декларация топшира бошлайди.
Tўртинчи босқич – 2025 йил 1 январдан бошлаб қолган барча тоифадаги фуқаролар учун декларация топшириш тизими йўлга қўйилади.